16 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +16,6 °C

Кейинги авлод
20 Сен  2019 1286

Янги намунадаги боғчалар болаларни қабул қилади

Мактабгача таълим вазирлиги Тошкент шаҳрининг Сергели туманида иккита янги мактабгача таълим ташкилотларини (МТТ) очди. Ушбу давлат муассасаларининг умумий қуввати 840 нафарни ташкил этади.

Деворларга ва столларга чизиш мумкин, кенг ва шинам хоналар, рангли янги мебель ва махсус мўлжалланган машғулотлар режаси ва таомнома. Йўқ, бу болалар орзуси эмас, ҳатто, хусусий болалар боғчаси ҳам эмас. Янги МТТ ҳамма учун очиқ ва Сергели туманининг 5-кварталидаги Қумариқ массивида жойлашган. Улар массивдаги мактабгача таълимни олти фоизга (83-дан 89-га) қамраб олиш имкониини беради ва юзта янги иш ўринларини яратади.

– Сўнгги йилларда Сергели жадал ривожланмоқда, кўплаб аҳоли янги биноларга кўчиб келмоқда, табиийки, мос равишда бундай муассасаларга эҳтиёж ортмоқда, – дейди тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири А. Шин. – Бир вақтнинг ўзида иккита МТТнинг очилиши юзлаб болаларнинг сифатли мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлишини англатади. Бундан ташқари, 180 болани қабул қиладиган қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Ушбу замонавий инновацион ечимлар фойдасига намунавий лойиҳалардан воз кечилган иккита МТТ дизайни одатдагиларидан фарқ қилишини кўриш мумкин. Ҳар бир деталнинг пухта ўйлангани туфайли болалар учун максимал даражада қулай ўқув-ўйин муҳитини яратамиз. Ахир, ҳар бир шахснинг, фуқаронинг ёшидан қатъи назар, манфаатлари - бизнинг биринчи даражали вазифамиздир. Ватанга бўлган муҳаббатга, катталарга бўлган ҳурматга, айнан, болалар боғчасида пойдевор қўйилади. Бу жой - ҳақиқий эртак. Тўғри, мамлакатимизда бу турдаги хусусий муассасалар фаолият юритмоқда, аммо бундай давлат муассасалари биринчи марта очилмоқда. Уларнинг ишга туширилиши – ҳар бир фуқаронинг, ижтимоий мақомидан қатъи назар, энг яхшисига муносиблигини исботлайди. Бунда қалб қўри, болаларга бўлган меҳр ўз аксини топган. Яқин атрофда бошқа таълим муассасаси - мактаб ҳам пайдо бўлади.

Таълим муҳити Корея Республикаси модели асосида ишлаб чиқилган. Масалан, катта шкафлар ўрнига бўш жойни ўзгартириш ва уни турли машғулотларга мослаштириш учун мобил модуллар ўрнатилган. Кичкинтойлар ётадиган ўринларни йиғиш-ўрнатиш ҳам жуда осон. Натижада, ҳатто, энг фаол болакай учун ҳам жой етарли бўлади.

Ўйин ва ўқув материаллари болаларнинг бўйи етар даражада бўлиб,  улар сотувдаги энг яхши намуналардир ва қўлларнинг майда моторикасини ривожлантиришга мўлжалланган. Йўлакларда кўплаб нутқ ва ёзувни, ижодкорликни, қурилишни, конструкциялаш ва математикани, сюжетли ўйинларни ривожлантириш марказлари, кутубхоналар мавжуд. Болаларнинг ўзи ёққан машғулотини танлайди, тарбиячи эса ўйин ҳамда машғулотлар учун зарур бўлган материалларни аниқлайди, қийинчиликлар юзага келганда ёрдам беради. Энг қизиғи - буларнинг бари ўйин шаклида тақдим этилади ва болакайлар билим олиш жараёнида чарчаб қолмайди.

Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта ташаббусни амалга ошириш доирасида соғломлаштириш ва бадиий машғулотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Анъанавий мусиқа ва рақслардан ташқари, болалар бу ерда спорт билан шуғулланишлари, хорижий тилларни (ўйин шаклида) ўрганишлари ва бошқа ривожланиш тўгараклари ва секцияларига қатнашишлари мумкин. Ушбу МТТда бир бола учун ойлик тўлов 186 минг сўм, икки бола учун эса 132 минг сўмни ташкил этади. Шу билан бирга, қонун ҳужжатларига мувофиқ, тарбияланувчилар умумий сонининг 15 фоизи боғчага бепул қатнаши мумкин. Бундай имтиёзлар кам таъминланган оилалар фарзандларига тақдим этилади.

– Болалар учун ҳар томонлама ривожланиш ва қулайлик яратиш учун зарур бўлган барча нарсалар бор, – дейди 44-сонли МТТ раҳбари Комила Қамбарова. – Боғчада кузатув ва ёнғин хавфсизлиги тизимлари, қўриқлаш мавжуд, бино барча қоидаларга мувофиқ қурилган ва энг юқори стандартларга жавоб беради. Психолог ва дефектологлар кабинетлари ҳам мавжуд. Уларнинг ҳар бири тўлиқ жиҳозланган. Ҳатто, болалар микроскопи (ўйинчоқ эмас, ҳақиқий ишчи қурилма!), лупалар, глобуслар ҳам бор. Шундай қилиб, бизда нафақат билим олишади, балки уни амалда ҳам қўллаб кўришади. Ҳар бир қават деворларига махсус панеллар ўрнатилган бўлиб, болакайлар уларга чизиши мумкин. Болага бу ерда эркинлик берилади: у истаган жойида, ҳатто, ерга жойлашиб олиб, ўйнаши ҳам мумкин, полга иситиш тизими ўрнатилган.

Ҳозирданоқ ушбу муассасага бўлган талаб юқори бўлиши аниқ бўлмоқда, бундай МТТга қатнайдиган болалар эса таълимдан улкан завқ оладилар. Ҳадемай, уларнинг эшиклари маҳаллий болалар учун очилади.

Карина Алиева.

Рашид Галиев сурати

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech