24 Январь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +7,8 °C

Ижтимоий ҳаёт
16 Янв  2020 645

Чет элга ишга қонуний йўл билан

2020 йил 15 январда Андижон вилоятида фуқароларни хорижга қонуний  ишга йўналтириш бўйича меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси, Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти бошлиғи К.Рашидов иштирок этди.

Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан келган 1000 дан ортиқ хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар хорижий иш берувчилар ва хусусий бандлик агентликларининг бўш иш ўринлари, фуқароларни хорижга қонуний ишга йўналтириш бўйича таклифлари билан танишиб чиқиш имконига эга бўлдилар.

Ушбу кенгайтирилган меҳнат ярмаркасида Россия Федерацияси, Польша, Туркия, БАА, Болгария, Литва, Латвия, Япония ва Венгрия каби давлатлардан ташриф буюрган 70 да ортиқ иш берувчиларнинг қурилиш, уй хўжалиги, йўловчи ва юк ташиш хизматлари, мебель ишлаб чиқариш, балиқчилик, паррандачилик, меҳмонхона бизнеси ҳамда хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришнинг бошқа йўналишларида 10 минга яқин бўш иш ўринлари тақдим этилди.

Тадбир давомида Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти раҳбари К.Рашидов иштирокчилар билан учрашиб, унда хорижда ишлаш истагида бўлганларни қизиқтираётган масалалар, хорижда ишлаш билан боғлиқ юзага келаётган муаммолар юзасидан мулоқот ўтказди.

Ташриф буюрувчиларга Ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларга зарур ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Ярмаркага келганлар хорижий иш берувчилар ва хусусий бандлик агентликлари вакилларининг чет элда ишлаш истагидаги фуқаролар учун иш талаблари ва шароитлари, иш ҳақи миқдори ҳақидаги ва ўзларини қизиқтирган бошқа зарур маълумотлари билан танишдилар.

Бугунги кунда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари асосан, Россия, Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея, Исроил, Яман, АҚШ, Европа ва Осиё давлатларида қурилиш, транспорт хизматлари, йўловчилар ва юк ташиш, коммунал хизмат, савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат, қишлоқ хўжалиги, уй хўжалиги, тиббиёт каби соҳаларда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда хорижий давлатларнинг ташқи меҳнат бозоридаги эҳтиёжлари доим ўрганиб борилади. Бугунги кунда, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерацияси, Польша, Туркия, Латвия, БАА, Болгария, Қозоғистон, Қувайт давлатларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган тартибдаги меҳнат фаолияти билан таъминлаш билан шуғулланувчи 60 та иш берувчилар ва рекрутинг агентликлари билан аниқ келишувлар мавжуд. Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари томонидан Россия Федерацияси, Туркия, Болгария, Латвия, Литва, БАА, Польша, Япония, Беларусь, Эстония, Хорватия, Қозоғистон, Украина, Чехия, Буюк Британия, Португалия, Греция, Германия, Исроил, Қатар, Уммон, АҚШ давлатларидаги 170 дан ортиқ иш берувчилари билан ишга жойлаштириш юзасидан келишувларга эришилган.

Меҳнат ярмаркасида иштирок этган хорижда ишлаш истагидаги барча фуқароларнинг маълумотлар базаси қайд этилиб, хорижда ишлаш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Тадбирда, шунингдек Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Эслатиб ўтамиз, худди шу миқёсдаги ярмарка ўша куни Қашқадарё вилоятида ҳам бўлиб ўтди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech