24 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +29,1 °C

Суҳбат
10 Авг  2019 2241

«Open data» тушунчаси нимаси билан фойдали?

Бугун инсоният ахборот технологияларини ривожлантиришнинг навбатдаги босқичи арафасида турибди. Ўзбекистон фаол мутахассислар тайёрламоқда, турли соҳаларга ITни жорий этмоқда. Президентимизнинг «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси ва яқин орада қандай янгиликлар бўлиши кутилаётгани ҳақида ахборот хавфсизлиги соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган етакчи компаниялардан бири - «IT-Теам» асосчиси Сарвар Аҳмеджонов билан суҳбатлашдик.

30 ёшдан сал ошганингизга қарамай, ҳисобингизда аллақачон ўнлаб халқаро лойиҳалар, танловлардаги ютуқлар, ўз хусусий бизнесингиз бор. Ҳаммаси нимадан бошланган?

– Аслида, ўн икки йил муқаддам математик бўлишни орзу қилганман. Ота-онам - мактабда ўқитувчи бўлишган. Доим аниқ фанлар билан «касалланган»лар қуршовида бўлганман. Бизнинг оиламиз қандайлигини тушунишингиз учун айтиб ўтаман, ота-онам у ёки бу масалани ечиш учун қандай усуллар қулайлиги ва қайси дарслик муаллифи ҳақ экани борасида кўпроқ баҳслашадилар. Шундай қилиб, бу фан борасида ҳеч қандай муаммо йўқ эди, ҳаммаси математика билан шуғулланишим, олимпиадаларга боришим, аниқ фанларни чуқур ўргатадиган мактабга қатнашимга қараб кетаётганди.

1995 йилда ҳаётимда биринчи марта «Dell» компьютерини кўрганман, ҳозир истаган болага бу бир уюм пластик ва схемалар бўлиб кўринади. Аммо ўшанда бу ҳақиқий хазина эди!

Кутубхоналардан дастурлашга оид китобларни қидира бошладим. Ичида фотосуратлари, рангли чизмалари ва энг оддий кодлар намуналари бўлган журналга ўхшатиб тайёрланган инглиз тилидаги дарсликларни ўқишга киришиб кетдим. Мен компьютерда ишлашга рухсат беришмаса-да, нима учун бунча вақтимни сарфлаб буни ўрганаётганимни ўзим ҳам тушунмасдим. Ўрта мактабда биринчи компьютерлар пайдо бўлганида уларда ишончли ишлардим, информатика фани ўқитувчиси рухсати билан дарсдан сўнг қолиб шуғулланардим.

Бугун бу борада чала-чулпа маълумотга эга ёш йигитлар келса, бир неча ойдан сўнг келишларини маслаҳат бераман. Чунки бундай ишни аввало, ўзингиз ўрганишингиз керак. Дастурий таъминотнинг янги версиясини тушуниб олишда ҳеч ким ёнингизда ўтириб, атай ўргатмайди. Сиз ё бирор нарсани ўрганишни истаб, ўз устингизда ишлайсиз ёки ўша олинган базавий кўникмалар билан қолаверасиз.

Айниқса, бугун олий ўқув юртларида техника ва дастурлаш билан боғлиқ турли йўналишлар мавжуд. Имкониятлар жуда кўп, фақат улардан фойдаланиш керак.

Сиз нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам тематик маърузалар ўқийсиз. Ўз муваффақиятли лойиҳасига асос солган IT-мутахассисининг иши яна нималарни назарда тутади?

– Сўнгги пайтларда фрилансер (раҳбарлар ёки жамоадан мустақил равишда фаолият юритувчи эркин ишчи – муаллиф изоҳи) сифатида кўпроқ бандман. Ўзингизни илгари суриш ва тренингларда иштирок этиш орқали қизиқарли лойиҳалар учун грантлар олиш осонроқ бўлади. «IT-Team» - менинг фарзандим, лекин мен ҳеч қачон тадбиркор бўлмаганман, боз устига, ҳужжатлар ишлаш ва ижодий режалар учун вақт қолдирмайди. Бу иш билан махсус одамлар шуғулланишади. Менинг вазифам эса - сайтлар ва дастурлар ёзиш, тизимлар хавфсизлигини текшириш, дунёдан ортда қолиб кетмаслик.

Тўрт йил аввал илк бор Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтига маъруза ўқиб беришни таклиф қилдим. Аммо кўрганим кайфиятимни кўтарди. Аудиторияда ўз бизнесини бошлашга қизиққан ва кўзлари ёниб турган ўнлаб йигит-қизлар ўтиришарди. Шунда мен бошқаларнинг шахсий тажрибаси фойдали бўлиши мумкинлигини англадим, биринчи хатолар ва ғалабаларим ҳақида сўзлаб бердим.

Бу жуда қизиқарли иш бўлиб чиқди. Эндиликда бундай таклифларни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламан, айниқса, агар турли одамлар билан учрашадиган халқаро майдонда ишлаш имконияти мавжуд бўлса. Ғижим кўйлак кийган аммо миясида минг-минглаб ажойиб ғоялар айланаётган оддий дастурчидан иш беришга ёки истиқболли ғояларни молиялаштиришга тайёр нуфузли бизнесменларгача. Ва, албатта, ҳамма жойдан билимлар олишга интилаётган, шунчаки «айтичи»лар билан ишлаш учун бепул стажировкадан ўтаётган ёш мутахассисларгача бўлиши мумкин. Уларга ҳар доим иш, ўқиш, амалиёт, ўзини ривожлантириб боришга кўпроқ эътибор қаратишни, шунингдек, ижтимоий тармоқни унутишни маслаҳат бераман.

Демак, сизни ижтимоий тармоқнинг рақиби, деб аташ мумкин экан-да?

– Жуда қатъий эмасу лекин умуман олганда, ҳа. Менинг ҳеч қаерда саҳифам йўқ. Дунё тезлашиб бормоқда, бу каби нарсаларга қимматли вақтни сарфлаш – ҳақиқий жиноят. Университетда ўқиётганимда дўстларим билан бирор жойга бориб, китоб мутолаа қилиб, ишламай, вақтни ўтказардик. Энди-чи, агар ёшингиз 25 да бўлса-ю, ишламасангиз, билинг, жуда кеч қоляпсиз.

Бу, айниқса, бизнинг соҳада сезиларли. Деярли ҳар куни янги компьютер ускуналари, дастурий таъминотлар тақдимотлари бўлиб ўтади. Статистикага кўра, бир кунда минглаб янги вируслар пайдо бўларкан. Сайтларни ишлаб чиқаётиб, на жосуслик дастурлари ва на бузиб кирувчилар учун бирор тирқиш қолдирмаслик кераклигини яхши англашимиз лозим. Агар тармоқларда соатлаб ўйламай ва бефойда ўтирсак, бунга қандай вақт топамиз?

Боз устига, бу жуда хавфли ҳам. Масалан, бир мунча вақт олдин «Одноклассники» ишлаб чиқувчилари билан ҳамкорлик қилдик. Саҳифаларни бузиб кириш етмагандай, аксарият ҳолларда фойдаланувчиларнинг ўзи маълумотни узатиб юборадилар.

Шу боис ҳам фуқароларнинг ахборот маданиятини ошириш лозим. Интернетда нималар содир бўлаётгани фақатгина у ерда қолиб кетмайди. Айниқса, бугун Ўзбекистонда ҳам худди ўша ижтимоий тармоқлар орқали онлайн-тўловлар кенг қўлланила бошланганда.

Давлат муассасаларида ахборот маданияти билан боғлиқ ишлар ҳолати қай даражада? Нима учун кўпгина тузилмалар ишламайдиган ва янгиланмайдиган сайтларга эга, деб ўйлайсиз?

– «uz» доменидаги исталган сайтни очинг. Катта эҳтимол билан у бўм-бўш бўлади. 80 фоиздан кўпида сўнгги янгиликлар 2018 йилда киритилган. Нима учун? «Open data» (маълум бир ахборотга эркин кириш ва ундан келгусида муаллифлик ҳуқуқлари, патентлар ва назоратнинг бошқа механизмлари чекловисиз фойдаланиш ғоясини акс эттирувчи концепция – муаллиф изоҳи) баъзи мансабдорларга зарар келтиради. Биз кўплаб давлат муассасалари билан ишладик, муҳим ҳужжатларни ўз ичига олган архивлардаги улкан бетартибликларни кўрдик, уларнинг аксарияти қоғозда ва ягона нусхада. Кўпинча маълумот эълон қилинган статистикага мос келмайди.

Энди тасаввур қилинг-а, буларнинг барчаси асл кўринишида тармоққа омма эътиборига ҳавола этиб жойлаштирилганини. Яна блогерлар ва оммавий ахборот воситалари бу маълумотни олишлари мумкин. Натижада – текширувларнинг улкан тўлқини.

Бир куни мижоз муассаса саҳифаси учун жуда кўп маблағ сарфлаш ниятида эмаслигини тан олди, негаки, барибир уни юритмоқчи эмас экан. Юқоридан шундай кўрсатма берилганини айтиб, елкасини қисди. Биз унга фақат матнлардангина иборат оддий сайт яратиб бердик. Бизни алдашмабди – ўшандан бери ҳеч қандай янги материал ёки янгилик жойлаштирилгани йўқ, орадан эса икки йил вақт ўтди. Одамлар кўпинча тармоқдаги очиқ маълумотларни излашга ҳам уриниб кўрмасликлари ажабланарли эмас.

Лекин ҳамма нарсани тузатса бўлади, фақат бошлаш керак. Бу борада улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бизнинг «Open Data Challenge» - очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда иловалар ишлаб чиқиш бўйича йиллик танловимизни олайлик. «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази, Тошкент шаҳридаги Инха университети, Жаҳон банки ва Ўзбекистондаги БМТнинг тараққиёт дастури мукаммал дастурларни қисқа вақт ичида ёзишга қодир жуда иқтидорлиларни тўплашга муваффақ бўлди, яна уларнинг альфа-версиясида (бундай софт оддий компьютерга ўрнатишга тайёр ва келгусида носозликларни бартараф этишга эҳтиёж қолмайди – муаллиф изоҳи), шунингдек, улар энг муҳим масалага - очиқ маълумотларга мурожаат қилишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 февралдаги «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳам катта ўзгаришларга олиб келди. Ушбу ҳужжат инновацион. Унда узоқ вақт давомида Ўзбекистонда ITнинг ривожланишига тўсқинлик қилган муаммолар тан олинган. Етарли даражада ривожланмаган телекоммуникация инфратузилмасига оид масалаларга ҳам, чунки баъзи аҳоли пунктларида интернет у ёқда турсин, мобиль алоқадан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас. Маркетинг платформалари, онлайн-дўконлар, тўлов тизимларининг йўқлиги ёки ривожланмаганлиги билан боғлиқ муаммоларга ҳам эътибор қаратилган. Энг муҳими, давлат тизими ва ресурсларида ахборот хавфсизлигини ва ахборотни муҳофаза қилишни таъминлаш жуда заиф ташкил этилгани айтилган.

Халқаро лойиҳаларда тез-тез иштирок этишингизни эслатиб ўтдингиз. Агар ахборот хавфсизлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, кимдан ўрнак олиш мумкин?

– Ҳамма нарса мукаммал ишлайдиган мамлакат бўлмайди, шу боис буни маромида ушлаб туриш учун бошқалардаги энг яхши жиҳатларни ўзлаштириш лозим.

Масалан, Словакиянинг ахборот хавфсизлиги стратегияси ахборот жамиятини шакллантириш учун зарур бўлган ва фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни қўллаб-қувватлашга қаратилган платформани яратиш асосий вазифадир. Финляндияда асосларнинг асослари - киберхавфсизликни ахборот жамиятини шакллантириш билан бевосита боғлиқ иқтисодий аҳамиятга эга бўлган муаммо сифатида тушунишдир. Бунда оддий интернет фойдаланувчилари учун маълумотлар хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Голландияда бир томондан, ахборот-коммуникация тизимларининг хавфсизлиги ва ишончлилигига интилишади, бошқа томондан, жиддий қонунбузарликларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун интернет маконининг эркинлиги ва очиқлиги зарурлигини тан олади. Чехия асосан ахборот сервисларидан эркин фойдаланиш муаммосига урғу беради. Россияда кибермайдонда хавфсизликни таъминлаш устувор аҳамиятга эга. Шу билан бирга ушбу тенденция фақат яқинда сезила бошлади. Ўтган йилнинг сентябрида кибермайдондаги хавфсизликка бағишланган ва social.ligainternet.ru манзилига жойлаштирилган ижтимоий тармоқ ишга туширилди.

Танлайдиган нарсамиз кўп. Ахборот маданияти ва хавфсизлигига нимани киритишимизни, давлат муассасаларига веб-сайтлар нима учун кераклиги, уларни ўрнатиш, яроқли контентни қандай таъминлаш кераклигини ҳал қилиш муҳимдир.

Сўнгги савол, юқори технологиялар соҳаси ҳар куни ўзгариб, янгиланиб бораётганини айтяпсиз. Яқин келажакда нималарни кутишимиз мумкин?

– Эҳтимол, келгуси йили биз тўлиқ ўзгарган шахсий компьютерлар ва смартфонлардан фойдаланармиз. Букланувчи экранлар ва голограммалар, виртуал ҳаққонийлик оддий нарсалар бўлиб қолган. Ҳар қандай фантастика - ақл, вақт ва сабр-тоқатнинг ишидир.

Шахсан мени яқинда «нейронет» деб номланган нарса жуда қизиқтириб қўйди ва унинг келажаги бор, деб ўйлайман. Умуман олганда, кейинги технологик инқилоб инсон ва ҳисоблаш машиналари миялари интеграцияси орқали нейротехнология ва ақлий меҳнат унумдорлигининг ошиши билан боғлиқ бўлади. Мутахассисларнинг башорат қилишларича, нейронет ҳозирги интернет ривожланишининг навбатдаги босқичи бўлиб, унда иштирокчилар ўртасидаги ўзаро алоқа янги технологик усуллар ёрдамида амалга оширилади ва компьютерлар нейроморфлашади (улар фаолияти инсон мияси ҳаракатлари тамойилига асосланади – муаллиф изоҳи).

Тасаввур қилинг-а, бундай технологиялар янги билимларни ўрганиш ҳажмини ва тезлигини сезиларли даражада оширади. Масалан, тиббиётда Альцгеймер ва Паркинсон касалликларини енгиш мумкин бўлади.

Сабина Алимова

ёзиб олди.

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 10 августдаги 160-сонида «Чем выгодна концепция «Open data»?» сарлавҳаси билан нашр этилган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech