22 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +18,4 °C

Молия
16 Авг  2019 649

I ярим йилликда бюджет ташкилотлари томонидан қанча маблағ ноқонуний сарфланди

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан жорий йилнинг I ярим йиллигида олиб борилган назорат тадбирлари натижасида айрим бюджет муассасалари томонидан бюджет маблағларини сарфланишида тизимли равишда бюджет қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланди, деб хабар беради Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактабларида ҳақиқатда ишга келмаган ва хизмат вазифасини бажармаган ходимларга ёки умуман ишламайдиган фуқаролар номига иш ҳақи ҳисобланиши, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини, шунингдек, меҳнат таътили, мукофот ва моддий ёрдам маблағларининг асоссиз ҳисобланиши ва тўланиши натижасида жами 812,4 миллион сўм бюджет маблағларини ноқонуний сарфланишига йўл қўйилган.

Бундан ташқари, Боғдод туманидаги 50-сонли умумтаълим мактабида пудратчи “Фарғона сайқал сервис” хусусий корхонаси томонидан “Обод қишлоқ” дастури доирасида бажарилган таъмирлаш ишлари жойида назорат ўлчовидан ўтказилиб, молиялаштириш учун тақдим этилган ҳисоб фактура маълумотлари билан хақиқатда бажарилган ишлар солиштирилганда 129,9 млн.сўмлик бажарилмаган иш ҳажмлари қўшиб ёзилганлиги маълум бўлди.

Мактабгача таълим вазирлиги тизимида.

Ш.Рашидов туманидаги 9-сон мактабгача таълим муассасасида ҳақиқатда ишламаган 31 нафар фуқароларга иш ҳақи ҳисоблаш йўли билан 955,5 млн. сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ўзлаштирилишига йўл қўйилган.

Шунингдек, Бухоро шаҳар 46-сон мактабгача таълим муассасасида ҳақиқатда ишга келмаган ва хизмат вазифасини бажармаган 8 нафар ходимларга 88,4 млн. сўмлик иш ҳақи тўловлари ортиқча ҳисобланиб, асоссиз тўлаб юборилган.

Уйчи туманидаги 11-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси томонидан 23 нафар ходимга 21,5 млн. сўм аванс пуллари ёзилиб, ушбу маблағ ходимларга тарқатилмасдан ўзлаштирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида.

Сирдарё вилоят Кўп тармоқли тиббиёт марказида бош ҳисобчи ва ғазначи томонидан пуллик хизмат ҳисобидан кирим қилинган 231,5 млн. сўм нақд пул маблағларини тўлов қайдномаларни қалбакилаштирилган йўл билан ўзлаштириб юборилган.

Тошкент туман тиббиёт бирлашмасида аванс тўловларини иш ҳақидан ушламаслик, ортиқча мукофот пулларининг ҳисобланиши ва шифокорлар томонидан бажарилмаган иш учун иш ҳақи ҳисобланиши натижасида 148,2 млн. сўм бюджет маблағи асоссиз сарфланган.

Шунингдек, Қўқон шаҳар тиббиёт бирлашмасида 119,8 млн. сўм,  Миробод туман тиббиёт бирлашмасида 87,1 млн. сўм ортиқча тўловларга йўл қўйилган. Учқўрғон туман Давлат санитария эпидемиология назорат марказида 75,6 млн. сўм,  Фарғона шаҳар Давлат санитария эпидемиология назорат марказида 29 млн. сўм миқдоридаги маблағлар муассаса ҳисоб-рақамига кирим қилинмаган.

Туман (шаҳар) Ободонлаштириш бошқармаларида ҳам худди шундай ҳолатлар кузатилган.

Жумладан, Каттақўрғон туман Ободонлаштириш бошқармаси бош ҳисобчиси томонидан 373,5 млн. сўм бюджет маблағини ўзининг ва 2 нафар қабристон назоратчиларининг пластик карточкасига асоссиз ўтказиб юборилган.

Нурафшон шаҳар Ободонлаштириш бошқармасида 297,3 млн. сўмлик асосий воситалар ва товар моддий бойликлар камомадига йўл қўйилган.

Нишон туманида 88,4 млн. сўм бажарилмаган ишларга қўшиб ёзилган.

Урганч туман ободонлаштириш бошқармасида 51,1 млн. сўм бюджет маблағлари ходимларга ортиқча тўланган. “Асосий воситаларни балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низом” талабларига риоя қилинмасдан 2018 йилда харид қилинган 37,4 млн. сўмлик асосий воситалар ҳисобдан чиқариб юборилган.

Янгиер шаҳар ободонлаштириш бошқармасида 37,3 млн. сўм устама пуллари ортиқча тўланган.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech