18 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,8 °C

Бўш вақтда
13 Апр  2019 1027

Бахтли бўлмоқчимисиз?

Бу иш шунчалик осонки, ҳатто, хаёлингизга ҳам келмаган! Асосийси, ўзлаштириш осон.

Руҳшунос Альберт Эллис инсонга салбий таъсир кўрсатувчи турли ёмон кайфият ва кечинмалардан халос бўлишнинг бутун бошли назариясини ишлаб чиққан. У ҳаётдан лаззат олишга халақит берадиган ва биз қаттиқ ишонадиган 12 та «чўпчак»ларни алоҳида таъкидлайди. Уларнинг ҳар бирини енгиб ўтиш —  бу  яхши кайфият ва ҳаётдан лаззат олиб яшаш учун ташланган қадамдир.

  1. «Мен қилаётган иш ҳаммага ёқиши ва қўллаб-қувватланиши керак».

Бундай фикр билан «ўзгалар мени тинглашади, йўқса, улар ёмон одамлар» тушунчаси ҳам ёнма-ён юради. Ушбу фикр нафақат зарарли, балки аҳмоқона ҳамдир. Ҳамма сизни яхши кўриб, ҳурмат қилишига ишониш ва буни кутиш жуда-жуда узоқ чўзилиши мумкин. Бу ҳамиша ўзига ишонмаслик ва ҳадик ҳиссини уйғотади.

  1. «Одам мукаммал ва бенуқсон бўлиши, ҳар бир соҳада омадга эришиши керак».

Бунга ишониш сизни ноқулай аҳволга солиб қўйиши мумкин. Чунки ихтиёрий равишда ўзингизга абадий қурбон ролини танлаяпсиз. Аммо унутманг, ҳеч ким мутлақ омадли бўла олмайди. Омадлилик ҳақидаги чўпчак «ҳамиша» ва «ҳеч қачон» деган сўзлар ва «буни ҳеч қачон уддалай олмасам керак» деган иборани яхши кўради. Энг яхшиси, бисотингиздаги ижобий фикрларга алоҳида эътибор қаратинг. Бунга «буни қойиллатиб уддалашимга қаттиқ ишонгандим» каби сўзлар киради.

  1. «Хатога йўл қўйганлар жазоланиши керак».

Ўзга кишилар хатти-ҳаракатларини муҳокама қилишга мойиллик ҳеч қачон сизга хотиржамлик, лаззат ва яхши ҳиссиётларни ато этмайди. Бирор кишини муҳокама қилишдан олдин унинг нуқтаи назарини тушунишга, унинг ҳаёт тарзи ҳақида кўпроқ билишга ҳаракат қилинг. Бу уни яхши тушунишингизга ёрдам беради. Орангизда илиқ муносабатлар ўрнатилмаган тақдирда ҳам можароли ҳолатлар бўлмайди.

  1. «Бирор нарсанинг кўнгилдагидек чиқмаслиги — даҳшат!».

Агар омадсизликка учраган бўлсангиз, бу кўнгилсиз, албатта. Бироқ бундай фикрлаш орқали сиз атрофингиздагиларни фалокатлар қаторига киритиб қўйган бўласиз. Бошқача айтганда айнан, ўзингиз пашшадан фил ясайсиз. Ҳодисани жуда чуқур драматик кўринишга олиб келиб, ҳатто, фалокат, албатта, содир бўлишига ишонишга ҳам тайёр турасиз.

  1. «Инсон ўз ҳукми ўтмаган ташқи ҳолатлардан кайфияти бузилиб, қайғуга чўмади».

Бизнинг содир бўлган ҳодисадан эмас, балки ўзимиз чиқарадиган хулосадан кайфиятимиз бузилади. Агар ўзимизда ҳаммасига йўл йўқ, деган ҳисни уйғотсак, қайғу ва кайфият бузилиши чексиз давом этиши мумкин.

  1. «Кўнгилсизлик хавотир ҳиссини уйғотади. Хавф ўтиб кетмагунча уни ҳамма вақт кутиш мумкин».

Бундай позиция кучни қирқади. Чунки кўнгилсизликнинг ўзидан ҳам кўра, унинг содир бўлишини кутиш, асабни таранглаштиради ва тинкани қуритади. Кутилаётган воқеа-ҳодисаларга ҳушёрлик кўзи билан қаранг ва уларни бартараф этиш йўлларини қидириб топишга интилинг. Ўзингизни қўрқитманг!

  1. «Ҳаёт қийинчиликлари ва масъулиятдан қочиш, уларни бартараф этишдан осон».

Инсон эркин ва ўзи истаган қарорга келиши мумкин. Бу унинг иродасига боғлиқ. Јайсидир маънода инсон ўз тақдири ижодкори ҳамдир. Бунга ижобий ва салбий ҳиссиётлар ҳам киради. Хуллас, ҳиссиётларингиз учун фақат ўзингиз масъулиятни тўлиқ зиммангизга олишга ҳақлисиз.

  1. «Суянса бўладиган кучлироқ «танк» керак».

Бу ўз ҳаёти учун масъулиятни яна кимгадир юклаш дегани. Бир қарашда қулайдек туюлади-ю, аммо ўзингизга бўлган ишончни йўқотиш ва бошқаларга боғлиқ бўлиб қолишни «туҳфа» қилади, холос.

  1. «Ўтган замонда бизга таъсир қилган ҳолат, бугунги хатти-ҳаракатимизни бегилаб беради».

Агар ўтмишнинг ўзи сизга ғам-андуҳга тушишни «шипшиса», бу фақат бир нарсани билдиради: демак, уни ўзингиз хотирангизда қайта тиклаяпсиз. Агар ўтмиш хотиралари сизни қайғуга чўмдирса, уни «қайта тирилтирманг».

  1. «Бошқаларнинг нима қилаётгани биз учун ўта муҳим. Уларнинг зарур йўналишга тушишига эса бор кучни сафарбар қилиш керак».

Бу кўпгина кўнгилсиз дақиқаларни бахш этувчи жуда кенг тарқалган фикр. У замирида бошқаларга қандай яшаш кераклиги кўрсатиб қўйиш ётган ва фақат биргина сиз биладиган яқинлар ҳақида қайғуриш шаклида ҳам бўлиши мумкин. Ҳамма гап шундаки, ўзгаларнинг қандай хатти-ҳаракатларни содир этиши эмас, балки ўша хатти-ҳаракатларнинг шахсий талқини сизнинг кайфиятингизни тез-тез туширади.

  1. «Ҳар қандай муаммо битта ягона, тўғри ечимга эга. Ўша тўғри ечимни топа олмаслик — даҳшат!».

Бошқачароқ нуқтаи назар ҳақиқатга яқинроқ: аксарият муаммолар бир неча ечимга эга. Бироқ ҳар қайсининг ўз қулайлиги ва камчилиги, кучли ва заиф томонлари бор. Шу боис турли вариантларини қидириш ва уларни бир-бири билан солиштириб кўришдан эринманг.

  1. «Шахсий кечинма ва туйғуларни назорат қилиш мумкин эмас».

Бу тасдиқнинг ҳеч қандай асосга эга эмаслигини ўзингиз ҳам тушунтириб бера олсангиз керак. Ҳар эҳтимолга қарши яна бир марта такрорлаймиз: жуда камдан-кам ҳолларда сиз ўз ҳис-туйғуларингизни жиловлай оласиз ва бунга жавоб ҳам бера оласиз. Шундай экан демак, кўнгил хотиржамлиги ва бахтиёрлик ҳислари учун ҳам.

Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech