21 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +34 °C

Маданият
18 Дек  2018 10875

Андрис ЛИЕПА: «Тошкентнинг муҳити ажойиб ва бетакрор»

Томошабинларимиз Тошкентда премьераси бошланган икки афсонавий, Игорь Стравинскийнинг «Жар-птица» ва Николай Римский-Корсаковнинг «Шаҳризода» балетларидан мўъжиза кутгандек театрга киришди. Классика ихлосмандлари келаси йили 110 йиллиги нишонланадиган ва бир замонлар Париждаги Дягилев мавсумлари учун яратилган саҳна асарини сабрсизлик билан кутарди. Шу боис уларнинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат Академик катта театрининг декабрь ойи репертуаридан жой олгани янада қувончли бўлди. Ҳар иккала балетни ҳам дунёга машҳур саҳна устаси, Россия халқ артисти, Давлат академик Катта театри, Мариинки театри ва Америка балети театрларида етакчи балет раққоси бўлган, Миланнинг Ла Скала, Париж операси ва жаҳоннинг бошқа нуфузли театрлари саҳналарида чиқиш қилган, ҳозирда «Кремлёвский балет» театрини бошқараётган Андрис Лиепа саҳналаштирган.

Биринчи намойишдаёқ чипталар биттаям қолмай сотилиб, мухлислар асарни, айниқса, балетмейстерни гулдурос олқишлар билан кутиб олди. Оммавий саҳналардаги, гарчи ўнлаб артистлар турлича қадамларни (па) ижро этса-да, ҳаммаси уйғун ҳолда ўзига хос маънога эга жумбоқли рақслар барчада катта таассурот уйғотди. Саҳна безаги, либослар ва симфоник оркестр ижроси ҳам мухлисларни лол қолдирди. Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Ҳамраева (Жар-птица), бош ролда илк бор чиқиш қилган Ситора Хисматова (Гўзал малика), Улуғбек Олимов (Олтин қул) ва Мадина Юсупова ва бошқа раққосларнинг ижросига мухлислар юксак баҳо берди.

Иккита балетга тайёргарлик қандай кечганини Андрис Лиепанинг ўзи сўзлаб берди.

- Тошкентдаги намойиш учун нега айнан «Жар-птица» ва «Шаҳризода» асарлари танланди?

- Рус балетининг Европа ва бутун дунё бўйлаб шонли юриши 1910 йилда Михаил Фокин томонидан Парижнинг Гранд-операсида қўйилган ана шу икки шоҳ асарлардан бошланган. Бугун ҳам ҳар иккала асарнинг дунёда нуфузи юқори. Аммо Дягилев уларни саҳнада қўйганда, бу фантастикага тенглаштирилганди. Гастроллар ҳам жуда омадли ва шов-шувли кечган. Парижликлар ҳаммаси русча услубдаги бундай декорациялар, бундай мусиқани ҳали кўрмаганди, эшитмаганди, бир сўз билан айтганда, уларнинг тиллари лол эди.

Менга пластикаси бўйича турлича бу икки рус ва шарқона эртакларнинг ўзаро уйғунлашиб кетгани ёқади. Уларни икки хил хореограф яратгандай таассурот уйғотади кишида. Боз устига Ставринский Римский-Корсаковнинг шогирди эди ва улар ижодининг уйғунлиги авлодларга ўзига хос мерос сифатида ҳам қолди.

Болалигимдан ана шу икки балетни ва Ставринскийнинг «Петрушка» асарини тиклашни орзу қилганман. Ниҳоят, буни 1993 йилда Мариинки театрида амалга оширишга муваффақ бўлдим. Асарлар хореографиясини қайта тиклаш ва ўз муаллифлик талқинимни яратиш отамнинг Фокиннинг ўғли билан танишлиги шарофати билан юз берди, ўзим ҳам архивидан бобосининг репетициялари видеолари ва керакли материалларни тақдим этган набираси билан яхши таниш эдим. Унинг шахсан ўзи белгилар қўйган клавирлар ҳам сақланиб қолган экан. Кейин ушбу асарларни Россия, Франция, Италия ва дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари театрлари таклифи билан йигирма мартага яқин қўйганман.

Ўзбекистон Давлат Академик катта театрининг бош ҳомий «Лукойл Оперейтинг Компани» компанияси қўллаб-қувватлаган таклифини бажонидил қабул қилдим.  Спектакллар устида ишлашни Президентимиз Владимир Путиннинг юртингизга давлат ташрифи арафасида бошладик ва бунинг ҳам ўз рамзий маъноси бор, албатта. Айтиш керакки, давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар янги даражага кўтарилмоқда. Бу маданиятларни бирлаштирувчи буюк санъат асарларидир.

Ҳар иккала спетакль ҳам саҳнада юз йилдан кўпроқ вақтдан бери қўйилади, менинг талқинимдагиси эса, Мариинки тетрида 1993 йилдан бери намойиш этилмоқда. Биз ўтиб кетамиз, аммо спектакллар биздан кейин ҳам яшашда давом этади. Дунёнинг исталган театри бу спектакллар билан фахрланиши мумкин, уларга талаб ҳамиша юқори. Аммо афсуски, Тошкент ДАКТи труппаси ишини кўргани келганимда репертуардаги айрим спектаклларда залда кўп жойларнинг бўш қолганини кўрдим. «Жар-птица» ва «Шаҳризода»ларнинг Тошкентдаги премьерасида барча чипталар сотилди. Демак, улар томошабинни жалб қила олади.  Артистлар ҳам ўша-ўша, четдан бирор суперюлдуз таклиф этилгани йўқ. Томошабиннинг янгиликка чанқоқлиги бор гап, аммо спектакллар жуда кўҳна тарихга эга эди. Одамларнинг театрларга боришга қизиқтириш учун бундай спектаклларни кўпроқ қўйиш зарур.

Тошкентлик томошабин бундан бир асрдан кўпроқ вақт муқаддам ўз хореографияси, саҳна кўриниши ва либослари билан франциялик мухлислар қалбини забт этган спектаклларни менинг талқинимда кўрди. Масалан, Париж премьераси учун Александр Головин томонидан ясалган декорациялар шунчалик катта бўлганки, уни Дягилев бошқа театрларга олиб кета олмаган ва Наталья Гончаровага янгича версиясига буюртма берган. Бу орада асл нусхалари йўқолган. Давлат Третьяков галереяси захираларида муаллифнинг эскизларини топишга муваффақ бўлдим, рассом Анатолий Нежний унинг аниқ нусхаларини тайёрлаб берди. «Жар-птица»даги либосларнинг ҳам, фақат бош қаҳрамонларникидан ташқари, барчаси Головин томонидан яратилган. «Шаҳризода»да либослари ва саҳна безаклари Леон Бакстга тегишли. Охирида тушириладиган парда таниқли рассом Валентин Серов эскизлари бўйича тайёрланган. Бунинг бари бугун театримизда бор ва уларнинг бари жуда чиройли кўринади.

Либослар тикилиши ва шакли жиҳатидан анчайин мураккаб, аммо уларнинг бари Давлат Академик катта театрининг ўзида тайёрланган. Аммо Жар-птица либосини Москвага буюртма бердим, негаки, уни 1993 йилги Катта театрдаги премьерага тайёрлаган уста, Россия ва Грузия халқ артисти Нина Ананиашвили ҳалиям ҳаёт. Ўлмас Кошчей ниқобини латекс билан ишлай оладиган ғаройиб ҳайкалтарош уста яшайдиган Минскдан келтирдик. Ана шу асл нусхалар ёрдамида келгусидаги барча ижрочиларга либослар ва ниқоблар тайёрлаб олинаверади.

- Труппамиз бу ишни қанчалик уддалади?

- Михаил Баришниковда ишлаганимда ундан: «Мен шундай ёш ва ҳолатдаманки, истамаган нарсамни қилмаслигим мумкин», деган жумлани эшитгандим. Агар артистларингиз билан ишлашни истамаганимда бир юз элликталаб баҳона топган бўлардим. Бу ерга ўз ихтиёрим билан келдим, Тошкентда отам чиқиш қилган, Ўзбекистонда бизнинг оиламизни орқаворотдан эмас, балки том маънода яхши биладиганлар кўп. Ана шу тарихни давом эттиришни истадим.

Бир пайтлар «Жар-птица» ва «Шаҳризода»ларда бош партияларида чиқиш қилганман, афсус энди ёшим ва жисмоний ҳолатлар сабабли рақс туша олмайман. Шу боис бу оёқлар билан босиб ўтилган йўллар ва қалбимдан ўтказилган лаҳзалар, орттирилган тажрибани янги авлод билан ўртоқлашяпман. Спектаклларни тайёрлашда балетмейстер ёрдамчилари сифатида Москва давлат маданият институтининг хореография факультети декани, Россияда хизмат кўрсатган артист Игорь Пиворович, шунингдек, ДАКТ балети янги бадиий раҳбари, Россия халқ артисти Фаррух Рўзиматовлар иштирок этди. У билан анча вақтдан бери дўстмиз ва бирга ишлаяпмиз. Репетицияларга келиб бир дақиқа ҳам тинч ўтира олмади, агар раққослар ниманидир нотўғри қилишса, маслаҳатлар бериб, хатоларини тузатди. Мухтасар айтганда, керакли жойда, керакли пайтда пайдо бўлдик, деб ўйлайман. ДАКТда ишлаш жуда мароқли бўлди. Бу ерда ижод қилиш ва ўсиш учун яхши замин мавжуд, жамоа ўқиб-ўрганишга чанқоқ, бундай ҳолат ҳаммавақт ҳам учрайвермайди. Икковимиз ҳам ажойиб инсонлар, жаҳон балети афсоналари, энг зўр артистлар ва постановкачилар билан ишлаш бахтига муяссар бўлганмиз. Шу боис ҳам ўртоқлашадиган нарсаларимиз кўп, ёшларингиз эса буни ҳис қиляпти.

Олдиндан премьерани бошлаб берувчиларни аниқламасдан бешта таркибни тайёрлашга киришдик. Яъни бунда ишни топшириш чоғи ўзини яхши томондан кўрсата олганларни саралаб олиш учун улар ўртасидаги ижодий рақобатдан фойдаланиб, барча артистларга тенг имконият ва старт берилди. Йигитларнинг саҳнадан туриб залга қувват таратиши ва залдаги жонланишни ҳис қилиб, бундан ўзлари ҳам лаззат олишларини жуда хоҳлагандик. Бу улар бир ойдан сал кўпроқ вақт ичида ўзлаштирган янгича хореография ва пластика эди. Уни ўзига сингдириш учун Фокиннинг балет суратларини кўриб, Ставринский ва Римский-Корсаковнинг мусиқасини тинглаб, улар жуда катта иштиёқ ва мароқ билан меҳнат қилишди. Техник жиҳатдан уларнинг бари жуда мураккаб партиялар ҳисобланади. Россия саҳнасининг етакчи раққослари - Тамара Карсавина, Вацлав Нижинский, Рудольф Нуреев, отам Марис Лиепалар ҳам ундан ўтишган. Бир пайтлар Олтин қулни энг моҳирона ижро этишда Фаррух Рўзиматовнинг олдига тушадигани топилмаган.

Дастлабки кунларданоқ, тошкентлик артистларнинг кўз олдимизда ўзгара бошлагани ва ишга киришганига гувоҳ бўлдим. Аммо репертуар борасида улар учун ноябрь жуда тиғиз эди. Саҳналарда жуда кўп спектакллар қўйилаётган ва премьера учун ишлашга икки-уч ҳафта бўш вақт ажратишнинг сира имкони йўқ эди. Артистлар ҳар куни эрталаб «Жар-птица» ва «Шаҳризода»ни репетиция қилишарди, кечқурунлари бошқа спектаклларда банд бўлардилар. Масалан, Нодира Ҳамраеванинг ролига бўлган муносабати мени лол қолдирди. Натижа ҳам шунга яраша бўлди, албатта. Қачонлардир «Жар-птица» Карсавинага мослаб қўйилган бўлса, премьера куни ҳаммаси Нодирага мосланганини ҳис қилдим - у саҳнада ролини шу даражада ажойиб ва моҳирона ижро этдики...

Ҳар иккала спектаклдаги роллар труппангизнинг ривожи ва ўсишига хизмат қилади. Классик асарлар қанча кўп ижро этилса, профессионализм шунча ошади. Оркестрга Ставринский ва Римский-Корсаковнинг партитураларини ўзлаштириш қийин бўлишини олдиндан тахмин қилгандик. Чиндан ҳам, икки мураккаб симфоник асар мусиқачилар учун ҳам ўзига хос синов бўлди. Ёш ва истеъдодли дирижёр Бобомурод Худойқулов барча репетицияларда қатнашди, оркестр ижрочилари ҳам қаттиқ ҳаракат қилишди ва натижада вазифа уддаланди. Артистлару мусиқачиларга мана шундай имкониятлар берилмас экан, уларда ўсиш ва ривожланиш ҳам бўлмайди.

Дарвоқе, тетрингизда бошқа афсонавий қуш ҳақидаги «Ҳумо» спектаклини томоша қилдим. «Жар-птица»дан сўнг артистлар бу партияни бошқачароқ ижро этиши аниқ. Негаки, бунда қўллар фаол бўлиши лозим, ижрочи ичдан қушга айланиши ва исталган шамол эсишини томошабинга етказиб бериши талаб этилади.

- Биринчи намойишдан сўнг актёрларнинг янада ишончлироқ ўйнаши кераклиги ҳақидаги ҳислар пайдо бўлмадими?

- Илк намойишданоқ хулосага келмаслик керак. Бешинчисидан сўнггина спектакль омадли чиқди, дейиш мумкин. Ана шу вақт ичида актёрларда ҳам ролга сингиб кетиш, хореографик матнни яхлит ҳис этиш ва уни ўзиники қилиб олиш шаклланади. Улар уни қачон ва қандай маҳорат билан ижро этишни, реквизитлар билан қандай ишлашни тушуниб оладилар. Артистларнинг бир қисми спектаклни топширадиган куни эрталаб келишган ва шу боис труппа айрим нарсаларни олдиндан синаб кўришга улгурмади. Улар илк марта асарни томошабин олдида намойиш этишди. Бунинг ўрнини ҳатто, энг кўп репетициялар ҳам боса олмаслиги аниқ. Роль жонланади ва илк томошабин келгандаёқ спектакль туғила бошлайди.

Фаолиятимда ҳам бундай ҳолатлар кўп учраган: биринчи ижродан сўнг баъзи жойларини кучайтириш, бир хил жойида ҳароратни пасайтиришни маслаҳат беришган ва ҳоказо. Ижрочидан ана шу ҳароратлар фарқини ҳис қилишни ўрганиш талаб этилади ва керакли диапозонда ижро этиш керак бўлади. Ўзим спектакллар қўя бошладим, энди мен ҳам ролларни созловчига айланишим керак. Агар у созланмаган бўлса, бирор ўта уста артист ҳам уни маромида ижро эта олмайди, ҳатто, ўта маҳоратли саналган Денис Мацуев ҳам. Сохталик барибир билиниб қолади. Созлангандан сўнг ундан керакли оҳанг таралади. Менинг вазифам эса, ҳар бир артистни ролига созлаш ва уни ижро маҳорати билан тўлдириб боришдан иборат. Хуллас, ҳаммаси яхши, кўнгилдагидек бўлиши учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Спектаклларнинг бешинчи намойишига ҳам келаман, насиб этса. Ўшандагина ижодий эволюцияни кўриш мумкин.

Агар ҳаммаси яхши бўлса, ДАКТ артистлари билан гастролларга ҳам боришим мумкин. Ҳар иккала спектакль ҳам Нью-Йоркнинг «Метрополитен-опера», Лондоннинг «Ковент-гарден», Токионинг «Бунка Кайкан» каби  ва  дунёнинг бошқа энг яхши саҳналарида қўйилган. Улар ўзига томошабинларни кучли жалб қилади ва заллар ҳамиша тўла бўлади.

- Ўзбекистон сизда қандай таассурот қолдирди?

- Собиқ иттифоқ халқ артисти отам Марис Лиепа, кейинчалик театрингизнинг бош роллари ижрочиси, етакчисига айланган халқ артисти Бернора Қориева билан бирга ўқиган. Отам Тошкентга жуда кўп марта келган, саҳналарда чиқиш қилган ва ҳар сафар бир олам таассуротлар ва жуда мазали мевалар билан қайтарди. Ўзим ҳам бу ерга келганимдан хурсандман.

Москвада мен яшайдиган уй ҳам, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат Академик катта театри биноси ҳам таниқли архитектор Алексей Шусев лойиҳаси бўйича қурилган. Бу ерда ўзимни уйдагидек ҳис этаман. Тошкент бўйлаб саёҳат қилганимда ғаройиб ва тоза шаҳарни ўзим учун кашф қилдим. Инсонлари меҳмондўст ва ҳамиша дўстона муносабатда. Бу ерда ажойиб меъморий обидалар сақланиб қолган ва бетакрор муҳит ҳукмрон.

Ҳамкорликни давом эттириш учун театрга таклиф қилишим мумкин бўлган лойиҳалар кўп, албатта. XIX аср классик балети устида жон-жон, деб ишлаган бўлардим. Боз устига яқинда «Оққуш кўли», «Дон Кихот», «Уйқудаги малика» балетларини яратган буюк хореограф Мариус Петип таваллудининг 200-йиллиги нишонланади. Буларнинг бари сизнинг театрингизда қўйилмоқда экан ва мен қўйилмаётгани устида ишлашга тайёрман. Бу ажойиб ва зўр бўлади, деб ўйлайман.

Рамиль Исламов

ёзиб олди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech