16 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25 °C

Спорт
11 Июл  2019 369

Футболда ўзгаришлар юз берди, аммо натижалар йўқ. Ҳозирчами?

«Чивинлар - алоҳида, котлетлар - алоҳида». Бу қанотли ибора Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 15 июль куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясининг кун тартибини жуда аниқ-равшан акс эттирса керак.

Сабрсизлик билан кутилаётган ҳодисани, эҳтимол, 2017 йил кузининг бошланиши билан таққослаш мумкиндир. Ўшанда спорт жамоатчилиги миллий футболда миллионлар ўйини федерацияси раҳбариятининг алмашиши билан боғлиқ ўзгаришларни олдиндан сезиб хурсанд бўлганди. Барча вақти-соати етган ислоҳотларни кутарди.

Ва ўзгаришлар содир бўлди ҳам. Жуда шов-шувли. Чемпионатни ўтказиш формати ўзгарди. Мукофотга даъвогарлар сони камайди. Клублар сонининг қисқариши спорт тамойилларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолда содир бўлди. Ғолиблар ва совриндорларни аниқлаш, шунингдек, кимнинг элита дивизионини тарк этиши ҳам, юмшоқроқ айтганда, кутилмаган бўлди. Федерация кейинчалик ассоциацияга, олий лига - суперлигага айлантирилди, бошқа кўплаб ташқи самарали, аммо вақт кўрсатганидек, самарасиз чоралар кўрилди.

Бироқ қайта қуриш улкан акс-садони келтириб чиқарди. Кўплаб баҳс-мунозаралар ва дебатлар, шов-шувли истеъфога чиқаришлар, жанжаллар кузатилди. Агар ассоциация раҳбарлари ва мутахассисларининг янги жамоаси буни истаган бўлса, хоҳлаганига эришди, дейиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилги чемпионатнинг биринчи турида олтита ўйинда 80 мингдан ортиқ (!) томошабин стадионга ташриф буюрган бўлса, мавсум охирига келиб, бу 30 мингдан ҳам камроққа тушиб кетди. Масалан, 2018 йил 29 ноябрда суперлига якунида фақат 28 минг нафар мухлис иштирок этди, шундан 15 мингдан зиёди - фақат «Навбаҳор» - «Локомотив» учрашувига ташриф буюрган. Қолган ўйинлар бир нечтагина мухлислар билан ўтди. Бу жамоатчиликнинг янги ўзгаришлардан ҳафсаласи пир бўлганини билдиради. Томошабинлар қуруқ ва бўш ваъдаларга лаққа тушишмади.

Бу вақтга келиб, миллий терма жамоа ютқазиш мумкин бўлган ўйинларнинг барчасида мағлубиятга учради. Январь ойида Осиё Кубоги мусобақасининг плей-офф босқичида курашдан чиқиб кетди. Индонезиядаги кузги Осиё ўйинларида ҳам ўзини кўрсата олмади. ФИФА рейтингида асосий жамоамиз 95-ўринга ва ОФК даражалар табелида ўн тўртинчи ўринга тушиб кетди. Қитъа миқёсида энг яхшилар рўйхатида бир вақтлар ўзбекистонликлар бешинчи ўринни эгаллаганини айтиб ўтмоқчимиз.

Ўтган ва бу йил ҳам етакчи клубларимиз нуфузли Осиё чемпионлар лигаси мусобақаларида шармандаларча ўйин кўрсатди. Гуруҳ босқичи тўсиғини енгиб ўта олмадилар. Футболни ўзгартириш учун шошилинч ва мантиқсиз уринишлар шунчаки муваффақиятсизликка олиб келишининг яна бир муҳим факти. Асосийси, у бир неча йил орқага кетди, чунки на ёшлар, на ўсмирлар терма жамоалари ҳеч қандай натижага эриша олмадилар. Лекин улар бир неча бор жаҳон чемпионатларининг финал қисмларигача чиқишган.

Футзалнинг ҳам позицияси сезиларли даражада тушиб кетди. Сўнгги икки йил ичида ҳеч қандай ютуғимиз йўқ. Аммо мини-футбол тарихида бизда ёрқин саҳифалар бор: терма жамоа Осиё чемпионатларида уч маротаба совринли медалларни қўлга киритиб, мундиалга йўл олганди. Тошкентда икки марта қитъа чемпионати ўтказилгани унинг нуфузи юқорилигидан далолат беради. Энди, ҳатто, республика чемпионати ўйинлари ҳам наридан-бери, пойинтар-сойинтар ўтказилмоқда.

Аёллар жамоалари орасида ўйинларни ташкил этиш ҳам жуда паст даражада ва клублар эркаклар профессионал клубларига сунъий равишда бириктирилган. Шу боис улар кўпинча қолдиқ тамойили асосида молиялаштирилади. Хусусан, шу сабаб «Нефтчи» аёллар жамоаси бир неча бор меҳмондаги ўйинларида иштирок эта олмади. Бошқа кўплаб аёллар жамоалари ҳам худди шундай – ўгай қиз мақомида.

Баъзи ташаббускорларнинг саъй-ҳаракати сабаб давом этаётган пляж футболи ҳам, афтидан, узоқ яшамоқчи кўринади. На база, на мусобақа тақвими бор, баъзи-баъзида, шароит тақозоси билан терма жамоа шакллантирилади, холос…

Бир сўз билан айтганда, ов юрсаям – дов юрмаяпти. Албатта, бузиш - қуриш эмас. Энди ассоциация раҳбарларининг қайта сайланган таркибига футболимизни харобаларда қайта жонлаштиришига тўғри келади. Нима бошлашади? Йиғилиб, қалашиб кетган муаммоларга қандай ечим топилади? Шу ва бошқа саволлар мамлакатимизда миллионлар ўйинини ривожлантиришга бефарқ бўлмаган мухлисларни хавотирга солмоқда. Бу борада ассоциация раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Равшан Ирматовнинг спорт журналистлари билан тўғридан-тўғри мулоқоти чоғида тилга олган муаммоларнинг ечимини кўриши эътиборга молик.

У инқилобий ҳеч нарса таклиф қилгани йўқ, албатта, шунчаки, ўз «йўл харитаси»нинг ўнта қадамини тақдим этди. Велосипедни кашф этгани, кадрларни тайёрлашда қиличини силкитгани йўқ. Бундан ташқари, ходимларни текшириш ва синовдан ўтказиш учун чет эл компаниясини жалб қилиш, шу билан бирга, маҳалладаги қариндошлару дўстларни эмас, балки ассоциацияга ҳақиқий профессионалларни холисона тўплаш ниятида.

Унинг устунлик бериш жиҳатлари ҳам эътиборга молик. У бошидаёқ ўз жамоаси билан келишилган ўйинларга, майдонда футболчиларнинг спортчига хос бўлмаган хатти-ҳаракатларига, симуляциялар, тотализаторларга пул тикиш каби носоғлом қизиқишлар билан барча мумкин бўлган йўллар билан курашиш ниятида эканини айтди. Адолатли ўйин тамойили – фейр-плей устунлик қилиши лозим.

Дастурнинг иккинчи пункти тарихни унутмаслик, унинг авлодларга етказилишига эришиш учун оқсоқолларни фаолроқ жалб қилишдир. «Биз футболга кеча келганимиз йўқ, ажойиб анъаналаримиз бор ва ёшлар улар ҳақида билиши керак», дейди Р.Ирматов. Афсуски, Футбол фахрийлари кенгаши фаолиятига сўнгги пайтларда шунчаки қўл силкишган.

Устунликлар бўйича учинчи ўрин - мухлислар. Буям кутилмаган ҳолат. Одатда томошабинлар доим орқа планда бўларди. Уларга фақатгина «барабанчилар ва трубачилар», яъни қўллаб-қувватлаш гуруҳи вазифаси юклатиларди. Гарчи футболчилару мураббийлар доим мухлислар учун ўйнашини айтсалар-да, аслида уларнинг маоши ва мукофот пуллари трибуналарда ўтирадиган мухлислар сонига боғлиқ эмасди. Эҳтимол, энди бундай ҳолат ўзгарар? Мухлислик қилиш маданияти ҳам долзарб. Томошабинлар орасида ҳақоратли сўзлар ва безорилик ҳаракатлари ҳам етарлича учрайди.

Бошқа муаммолар бўйича ечимлар тезислар шаклида жаранглади. Муҳокамалар очиқ мулоқот тарзида ўтказилгани боис «йўл харитаси»дан ташқаридаги қўшимча таклифлар ҳам билдирилди. Хусусан, уюшманинг вилоят бўлинмалари мақомини оширмасдан туриб ушбу спорт турининг ва болалар футболини тўлақонли оммалаштиришнинг иложи йўқ. Горизонтал бошқарув – гўёки ҳайдалмаган қўриқ. Шу билан бирга миллий Олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва бошқа давлат тузилмалари билан вертикал ҳамкорлик ҳам ҳали дунёга келмаган бола каби. Фақат қоғоздагина бор.

Миллий терма жамоани янада астойдил тайёрлаш керак. Сентябрь ойида унинг иштирокида жаҳон чемпионати учун саралаш ўйинлари бошланади. Келгуси йил бошида - Олимпия жамоасини Токио (Япония)га йўлланма учун учрашувлар кутмоқда. Ўн олти ва ўн тўққиз ёшли болалар учун саралаш учрашувлари бўлиб ўтади. Агар классик формуладан келиб чиқилса, терма жамоаларнинг муваффақияти ички чемпионатнинг қандай ташкил этилгани ва унда клубларнинг барқарор иштирокига боғлиқ. Аммо бу икки муҳим нарсанинг иккала оёғи ҳам оқсайди.

Чемпионатнинг бирор тури у ёки бу ўйинларнинг бошқа кунга қолдирилишисиз кечмайдиган кўринади. Тақвимдаги ўзгаришлар ҳақида эса ҳеч қандай эълон йўқ. Ўйинларнинг ритми бузилади: амалда шундай бўладики, жамоалар бир ҳафта ичида уч марта бир-бири билан тўқнаш келади, кейин уч ҳафта ичида биттадан ўйин ўтказади. Бундай вазиятда мураббийлар ўқув-тайёргарлик жараёнини қандай ташкил этиши ва футболчиларнинг эса спорт формасини қандай сақлаб туришлари керак? Бунда профессионал футбол лигасининг ўрни қандай? У биринчи турдан сўнг суперлиганинг бирданига еттита (!) клуби бош мураббийси ўзгаришига бефарқлик билан қарайди. Ўзларини вақтинчалик, деб ҳис қиладиган мураббийларнинг бундай беқарорлигига таъсир ўтказиш механизми борми? Бунинг, шубҳасиз, жамоаларнинг ижобий натижаларга эришишига, футболчиларнинг маҳорати ошишига ёрдам бермаслиги аниқ.

Ва яна, нима учун ёш ва иқтидорли болалар хорижий клубларга сотилмоқда? Профессионал сифатида ўсиши мумкин бўлган элита клубларга бўлса ҳам майли эди. Боз устига улар аксарият ҳолларда биринчи ёки иккинчи лига ва дивизионларида иштирок этадиган жамоаларга, футбол унча кучли ривожланмаган давлатлар клубларига борадилар. Бундан чемпионатимиз ютқазади, аммо аллақандай футбол «дистрибьюторлари» ютади.

Кўпгина клублар ҳақиқий харажатларга мос келмайдиган бюджетга эга. Улар елкасига чемпионатда иштирок этиш учун нафақат катта бадал тўлаш, балки аёллар, мини-футбол жамоалари, шунингдек, болалар ва ўсмирлар футбол академиясини сақлаш ҳам юкланган. Ҳомийлару хайриячиларнинг ҳаммаси ҳам бундай молиявий юкламага дош бера олмайди. Ва унутманг, баъзи футбол атрофидаги одамлар лойқа сувларда балиқ тутади. Пулнинг катта қисми футболчилару мураббийларга етиб бормайди. Тўғри, буни ҳали исботлаш ҳам керак. Ассоциациянинг эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тегишли идоралар билан биргаликда потенциал жиноий схемаларни аниқлаши лозим.

Шунингдек, профилактика чоралари ҳам мавжуд. Чивинларни – алоҳида, котлетларни – алоҳида қилишга ЎФАнинг кучи етади. Аёллар жамоалари ва мини-футбол клублари мустақил субъектларга айланиши керак. Йўқотишлар бўлиши табиий, лекин қоғоздаги ҳисоботларда қайд этилиш учун чемпионатда иштирок этадиган «шунчаки ижрочилар» камроқ бўлади.

Усталарнинг захираларни тайёрлаш бўйича муваффақиятли фаолият юритаётган академияларни («Бунёдкор», «Насаф», «Пахтакор», «Машъал») қўллаб-қувватлаб, барча ҳудудларда очилган Олимпия захиралари ихтисослаштирилган спорт-интернатлари, футбол бўлимлари фаолият кўрсатаётган Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари билан яқин алоқаларни йўлга қўйиши лозим. У ерда иқтидорли ёшларни ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган. Фақатгина ускуналар, жиҳозлар, керакли анжомлар, мусобақалар ташкил қилиш билан ёрдам бериш керак, холос. Шунда ёш авлодни тарбиялашда бир ишни икки марта қилишга тўғри келмайди. Профессионал клублар шу билан бирга нафақат жойларда ўзаро манфаатли битимлар тузади, балки селекция тармоғини ҳам кенгайтирадилар.

Бошқа таклифлар ҳам бўлди, албатта. Улар шубҳасиз, ЎФАнинг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида тилга олинади. Бироқ экспертларнинг фикрича, ушбу давр мобайнида ассоциацияни қайта тузиш энг долзарб ва муҳим масала бўлиб қолади.

Темур Низаев.

«Правда Востока» шарҳловчиси.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech