17 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,6 °C

Бўш вақтда
6 Июл  2019 930

914-рейс жумбоғи: Хўш, сир очилдими? У ёғи нақ даҳшатнинг ўзи!

Ушбу жумбоққа ҳали-ҳануз бирор жўяли жавоб топилмаган. 1955 йилда DC-4 русумли самолёт бортида 57 йўловчи билан Нью-Йоркдан Майамига парвоз қилиб, 1992 йилда, яъни орадан 37 йил ўтиб, Венесуэланинг Каракас аэропортига қўнди!..

 

Бироқ орадан бир неча дақиқа ўтгач, Каракас аэропортига қўнган «шарпа-самолёт» яна кўкка кўтарилиб, кўздан йўқолган!

Мазкур ҳодисани шахсан ўз кўзи биан кўрган кишиларнинг гувоҳликлари-ю, учувчи ва назорат минораси ўртасидаги тасмага ёзиб олинган радиоалоқа барчани ҳайратда қолдирган самолёт қўнишининг чиндан ҳам содир бўлганини тасдиқлайди.

 — Бу ҳодисани ўз кўзи билан кўрган аэропорт назорат хизмати ходимлари берган кўрсатмалар моҳиятан бир-бирига ўхшаш, — дейди бир пайтлар фуқаро авиацияси вазири ўринбосари Рамон Эстовар. — Турлича кўрсатма берилган бўлса-да, айнан, битта ҳодиса тасвирланади.

Айтишича, далиллар ичида энг муҳими, бу 1955 йилга тааллуқли кичик календарь ҳисобланади. Уни DC-4 самолёти яна ҳавога кўтарилишидан бир неча сония олдин учувчи учиб-қўниш чизиғига тушириб юборган.

— Самолётни ўз кўзим билан кўрганман, ҳатто, учувчининг овозини ҳам эшитганман. У тушириб юборган календарни ҳам ушлаб кўрган бўлсам-да, бунга барибир ишонгим келмайди, — дейди ўша куни парвозларни назорат қилиш минорасида навбатчилик қилган Хуан де ла Корте. — Унинг бортидаги йўловчилар ташқарида ҳалиям 1955 йил ва биз, Флоридага қўндик, деб ўйлашарди. Аммо бундай эмасди ва шунча йил уларнинг қаерда бўлгани эса ёлғиз худога аён эди.

Ўша куни Хуан де ла Корте ва бошқа диспетчерлар ич-ичидан ғоят ғайритабиий ҳодисага дуч келиб туришганини тушунишган. Кутилмаганда аэропортнинг учиб-қўниш чизиғига парракли самолётнинг пастлай бошлагани ва унинг радарларда умуман кўринмагани чиндан ҳам жуда сирли эди.

— Биз самолётни ўз кўзимиз билан кўрган бўлсак-да, радарларда у мутлақо кўринмади, — дейди Хуан де ла Корте. — Учувчидан ўзини таништиришини сўрадик. У эса «Биз қаерга қўняпмиз?» дея саволга савол билан жавоб қайтарди. Овозидан кучли ҳаяжон ва қўрқув сезилиб турарди.

Аммо кейин Нью-Йорк-Майами йўналишида 914-рейсни амалга ошираётгани, бортида 4 экипаж аъзоси ва 57 нафар йўловчи борлигини айтди. Диспетчерлардан бирининг айтишича, учувчининг бу маълумотидан кейин парвозларни назорат қилиш минорасига жимлик чўққан. Тўғрироғи, барча диспетчерлар нима бўлаётганини тушуна олмай, анграйиб қолганди. Негаки, 914-рейснинг қўниши керак бўлган Майами аэропорти... Каракасдан 1800 километр узоқликда эди.

— Учувчига мен: «Бу Каракас аэропорти, Венесуэла... Жанубий Америка», дея жавоб бердим. Кейин яна: «Бирор носозлик юзага келдими?» деб сўрадим. Жавоб бўлмади. Шундай бўлса-да, мен учиб-қўниш чизиғини бўшатиб бердим. Самолёт эсон-омон қўнди ҳам. «Хайрият, эсон-омон қўниб олди!» деб ўйлаб турганимда учувчининг ёрдамчисига: «Ё худо, Жимми! Уни қара, бу нима ўзи?» дегани эшитилди. Улар реактив самолётларни кўриб, анграйиб қолишганди. Балки уларни космик кема, деб ўйлашгандир ҳам, буниси менга қоронғи.

Учувчи Кортега 1955 йил 2 июль эрталабки соат 9.55 да Майами халқаро аэропортига қўниши кераклигини айтган.

— Кейин учувчининг: «Биз бир балога йўлиқдик, шекилли?!» деган гапини эшитдим. Мен радио орқали унга: «Капитан, бу Каракас халқаро аэропорти. Бугун 1992 йил 21 май» дедим. У эса: «Ё, худо!» дея хитоб қилди. Унинг жуда оғир-оғир нафас олаётгани ҳам эшитилиб турарди. Унга тинчланишини ва борт ёнига ер хизмати жўнатилганини маълум қилдим.

Кортенинг айтишича, ер хизмати ва ёқилғи машинаси самолётга яқинлашганда учувчи радиога: «Йўқ! Яқинлашманглар! Биз бу ердан учиб кетамиз!» дея бақирган.

Ер хизмати ходимлари кейинчалик иллюминаторлардан ҳайрат ила қараб турган йўловчиларнинг юзларини ҳам кўришганини айтиб беришди. Учувчи эса кабина дарчасини очиб, қўли билан уларга «Яқинлашманглар!» дея ишора қилган.

— Учувчининг қўлида қандайдир папка бор эди, — дейди Корте. — Календарь ўшандан тушиб қолган бўлса керак. Уни бизникилар топиб олишди. Учувчи юритгичларни ишга солди ва тез орада самолёт кўкка кўтарилди.

Шу ҳодисадан сўнг фуқаро авиацияси раҳбарлари ҳодисани синчиклаб ўрганиш учун радиоалоқа ёзилган тасма ва календарни мутахассисларга тақдим этиш ҳақидаги қарорга келди.

Бироқ сир барибир сирлилигича қолди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech