20 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +27,4 °C

Саломатлик
18 Фев  2019 1423

400 минг нафарга яқин 9 ёшли қизлар онкологик касалликларга қарши эмланади

Юртимизда аёлларда учрайдиган бачадон бўйни саратонининг олдини олишга қаратилган Одам папилломаси вирусига қарши вакцина жорий қилинмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтказилган давра суҳбати шу мавзуга бағишланди. Унда вазирликнинг масъул ходимлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари иштирок этишди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 370 мингдан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, шулардан 190 мингтаси ушбу касаллик оқибатида вафот этади. Ўзбекистонда эса бачадон бўйни саратони энг кўп учрайдиган саратон касалликлари орасида иккинчи ўринда. Шундай қилиб, папиллома вируси касалликларининг салмоғи юқори бўлиб, уни олдини олиш учун самарадорлиги юқори ва хавфсиз бўлган одам папилломаси вируси вакцинаси билан эмлаш орқали бачадон бўйни саратони билан касалланишнинг камайишига эришиш мумкин.

– Дунёда ОПВга қарши вакцина билан қизлар 2006 йилдан бошлаб эмланади, – деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъул ходими Камола Сафаева. – Юздан ортиқ мамлакатлар ундан фойдаланиш учун рухсат олган, улардан 74 таси вакцинани ўзларининг миллий эмлаш календарига киритган. Кўп йиллик ўрганишлар  вакцинанинг самараси 10 йилдан ортиқ эканини кўрсатмоқда. Шу ўринда, кўпчиликни вакцина қизларнинг репродуктив фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайдими,  деган савол қизиқтириши табиий. Дунёда ўтказилган тажрибалардан маълум бўлишича, ушбу  вакцина қизларни нафақат бачадон бўйни саратонидан ҳимоялайди, балки уларнинг  соғлиғини ҳам  янада мустаҳкамлайди.

Тадбирда ОПВга қарши вакцинанинг жорий қилиниши бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олишга хизмат қилиши айтилди. Жойларда Глобал вакцина ва иммунизация альянси ёрдамида қурилаётган музлатгичли омборларда вакциналар сифатли сақланади ва тарқатилади. Вакциналар жорий йилнинг биринчи ярмида юртимизга олиб келина бошлайди ва октябр ойидан бошлаб 400 минг нафарга  яқин 9 ёшли қизлар мактабларда ва тиббиётнинг бирламчи бўғинларида эмланади, дейилади хабарда.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech