17 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,6 °C

Олий Мажлис Сенатида Танзила Нарбаеванинг Валентина Матвиенко билан учрашуви бўлиб ўтди

Бугун, 2 октябрь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилади.

Музокараларда қайд этилганидек, икки давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга катта аҳамият бермоқда. Хусусан, ўтган икки йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путиннинг сиёсий иродаси ва қатъийлиги туфайли Ўзбекистон-Россия стратегик ва иттифоқчилик ҳамкорлигини ривожлантиришда янги босқич бошланди.

Валентина Матвиенко Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг ташрифлари барча даражаларда ва йўналишларда ўзаро тенг ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда чуқурлаштиришга кучли туртки берганлигини таъкидлади.

Икки томонлама сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар муносабатлар суръати тинимсиз ошиб бормоқда. Бу икки мамлакат манфаатларига тўлиқ жавоб беради. Томонларнинг ўзаро интилиши мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликка ўзгача амалий мазмун бермоқда. Юқори даражадаги янги тусдаги мулоқот, 2017 ва 2018 йилларда давлат раҳбарлари иштирокидаги саммитлар ўзаро ишончли муҳит яратди, икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларига куч-ғайрат бахш этди.

Кейинги вақтда Ўзбекистон ва Россия парламентлараро мулоқоти фаоллашгани таъкидланди. Фақатгина ўтган йилда парламент даражасида 10 дан ортиқ турли ўзаро ташриф амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасидаги самарали алоқалар Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини, шу жумладан нуфузли халқаро парламент тузилмалари доирасидаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга ва чуқурлаштиришга хизмат қилишига урғу берилди.

Учрашувда Сенат Раиси Ўзбекистон ва Россия парламентлари ўртасидаги муносабатлар икки томонлама ҳамкорликнинг янги кун тартиби доирасида ривожланаёганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасида ҳамкорлик бўйича комиссия муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Томонлар Комиссиянинг ўтган даврдаги самарали фаолияти якунларига ижобий баҳо берди. Ҳозирги вақтда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришда Парламентлараро комиссиянинг ролини ошириш бўйича аниқ мақсадга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда бўлажак сайлов ҳақида сўз борганда, Танзила Нарбаева жорий йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган парламент сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш таклифини Федерация Кенгаши ва МДҲ Парламентлараро ассамблеяси вакилларига маълум қилди.

Учрашувда Сенат ва Федерация Кенгаши ўзаро муносабатлар доирасида ҳамкорликнинг бир қатор йўналишларини ривожлантириш таклиф этилди. Давлат раҳбарлари саммитида эришилган келишувларни амалга оширишда парламент ресурсларидан фойдаланиш, шунингдек икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ҳуқуқий базани фаол шакллантириш шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, ҳудудлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришда Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати имкониятларидан фойдаланиш таклиф этилди. Шу билан бир қаторда бундан буён ҳам Ўзбекистон ва Россия ўртасида узвий парламентлараро мулоқотни таъминлаш зарурлиги билдирилди. Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, икки томонлама шартномалар ва битимларни ратификация қилиш масалаларини жадаллаштириш соҳасида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш муҳимлиги ҳам таъкидланди.

2018 йил 18-20 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳамкорлик бўйича биринчи ҳудудлар форуми каби ҳудудлар анжуманларида Сенат ва Федерация Кенгаши аъзоларининг иштирокини давом эттириш зарурлигига алоҳида урғу берилди.

Учрашув якунланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгашининг Девони ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш маросими бўлиб ўтди.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech