23 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11 °C

Бўш вақтда
6 Апр  2019 665

Шохдор одамлар

Табиат, умуман, атроф-муҳит сир-синоатга тўла. Икки бошли одам, уч кўзли қизалоқ, тўрт оёқли аёл ва ҳоказо. Энди келинг, шохдор одамлар ҳақида ҳам гаплашсак. Улар ҳақиқатан ҳам бор.

Уддабурон чол

Айримларни «шохдор» дейишса, қаттиқ хафа бўлишади. Аммо бу гап хитойлик 75 ёшли Вонг Янгга зиғирча таъсир қилмаган. Қайтанга бу лақабга фалсафий нуқтаи назардан ёндашган. Негаки, унинг пешанасидан росманасига беш сантиметрлик шох ўсиб чиққанди-да! Аввалига бу «совға» унинг кайфиятини туширганди, албатта. Шифокорлар ҳам текшира-текшира, охири операция қилишдан бош тортишган.

Вонг Янг ўйлаб-ўйлаб, ўзидаги бу «нуқсон»дан унумли фойдаланишга қарор қилди. Шохи билан турли буюмларни кўтаришни машқ қила бошлади ва тез орада номи чиқди. Вонг Янг 14 дона ғиштни шохида бемалол кўтара олган. «Гиннесснинг рекордлар китоби»га киришни ният қилганини ҳеч кимдан яширмасди.

Сирли цивилизация

Қадимги ҳайкалтарошлик, рассомчилик намуналарида шохли одамларни тасвирлаш русум бўлган. Мутахассисларнинг фикрига қараганда, бу ижодкорлардаги хаёлий тасаввурнинг маҳсули эмас. Айрим манбаларда келтирилишича, бутун дунёни сув босишидан олдин ҳозирги Хитой ҳудуди жойлашган ерларда шохли одамларнинг тараққий этган цивилизацияси бўлган экан. Мазкур тахмин яқинда ўз исботини топгандай бўлди ҳам. Хитой ва Мўғулистон чегаралари ўртасида қадимги, шохдор одамлар кўмилган қабрлар топилган. Уларнинг бош чаноғидаги шохлари яхшигина сақланиб қолган.

Ёмонликсиз ― яхшилик бўлмас

Юқоридаги ноёб ҳолатларга дунёнинг бошқа бурчакларида ҳам дуч келинган. Бу эса шохдор одамларнинг авлоди бутун ер юзига тарқалиб кетган, деган хулосага олиб келади. Айрим олимларнинг келтиришича, бир замонлар бутун Европа шохли одамлардан иборат бўлган экан. Профессор Бенжамин Глюк, кимнинг бошида шохсимон ўсимта бўлса, уни аскарликка олишганини ёзади. Мустаҳкам ва катта шох эгасининг нуфузи баланд бўлган эмиш!

Агар бошдаги шох ёки ўсимтани жангда йўқотиб қўйса, бундай одамни шармандаларча аскарликдан ҳайдаб юборишган. Оила аъзолари ҳам ундан жирканиб, оғир ишларни қилишга мажбурлашган.

Шохсиз, думалоқ калла билан туғилганлар эса иккинчи навли одамлар саналган. Шохдор халқ бундай кишилардан ҳазар қилган. Улар қишлоқлардан кўчиб кетиб, ўз қишлоқларини барпо қилишга маҳкум эдилар. Асосан, чорвачилик ва деҳқончилик билан тирикчилик қилишган.

Ҳар тўкисда бир айб, деганларидек, шохдор одамларнинг хотини ўз эрини жангу жадаллардан қайтишини кутавериб қийналгач, шохсиз одамлар билан хуфёна дон олиша бошлашган. Улардан фарзандлар ҳам кўришган. Бунинг қанчалик ҳақиқатга яқинлиги борасида бирор гап айтиш мушкулу аммо худди ўша дамлардан бошлаб, «шохдор» (русчада «рогоносец») сўзининг асл маъноси ўзгариб, «хотини хиёнат қилган эр»га айланган эмиш!

Жарроҳлардан ёрдам сўраб…

Бир пайтлар Волин области (Россия)даги 76 ёшли кампирнинг 16 сантиметрлик шохини жарроҳлик йўли билан кесиб ташлашганди. Бу ўсимта бир неча йил олдин пайдо бўлган экан. Кампир шохини ҳеч кимга билдирмай, вақти-вақти билан қип-қизил чўғ ҳолига келтирилган сим ёрдамида чолига кестириб турган. қанчалик кучли оғриқни бошидан кечирганини ҳис қилгандирсиз? Шох эса ҳар кесилганида аввалгисидан ҳам тезроқ ўсаверган. Охири жарроҳларга мурожаат қилишдан бошқа чораси қолмабди. Кампирдаги бу ҳолат, ўзининг айтишича, қоронғида билмасдан бошини эшикка уриб олганидан сўнг бошланган экан.

Чжаньзян (Хитой) шаҳрида истиқомат қилувчи кампиршо Чжаонинг ҳам пешанасида шохи бор. Дастлаб оддийгина хол эди. Ўн сантиметрлар ўсгач, учи пастга қараб ўса бошлади.

Чжао хоним кўпчилик шохдор кишиларда кузатилгани каби ўз «тақинчоғи»дан уялиб-нетиб юрмайди. Шохини кесиб ташлашлари учун жарроҳларга мурожаат қилган. Аммо номус қилганидан эмас, балки шохи унга кўришга халақит бераётгани сабабли.

Ота-оналар даҳшатга тушган

Бугун ҳаёт бутунлай бошқача бўлиб кетган. Шохларидан қандай қутулишни билмай юрган қарияларни ҳозирги Америка ёшлари ҳаётдан орқада қолган, деб ҳисоблайди. Улар орасида шохларини умрбод тушмайдиган қилиб бош чаноғига ўрнатишни истайдиганлари ҳам кўплаб топилади. «Ва-у-у! Ахир жуда зўр-ку! Кўчада сени кўрган киши жойида ҳайкалдай қотади», дейишади. Бу ақли заифликка олиб келишини эса билишмайди. «Гўзаллик қурбонлик талаб қилади», деган гап ҳам бор. Лекин бундай ишга қўл урадиганларнинг ақли илгари ҳам бормиди ўзи, деб ўйланиб қоласан. Негаки, соғ одамнинг бундай қилмаслиги аниқ-да!..

Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech