23 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14,8 °C

Бўш вақтда
16 Мар  2019 1714

Ихтирочи

(Давоми, 4- қисм)

Томорқани гуллатадиган, мўл-кўл ҳосил олишга ёрдам берадиган аппаратни ясашга роса ўн беш кун вақтим кетди. Улардан қутулдим, мени энди тинч қўйишса керак, деб чучварани хом санаганим тўғри чиқди. Туғишганларим биттадан касалманд, ориқ қўй етаклаб келишди, албатта. Бўлмасам-чи? Томорқани гуллатадиган шундоқ аппарат деярли сув текинга тушиб тургандан кейин! Аммо барибир бир бор у ёқ-бу ёққа кўчирадигани ва мол семиртирадиган аппаратини ҳам сўрашди. Артистлик ҳам қилиб кўришди. Бўш келиб бўпман! Тўра амаким билан Улбуви чеча менга касалманд қўйини пулламоқчи бўлишди, ҳатто. Нимаям дердим, уларга теккан касал бу! Тузатиб бўлмайдиям!..

— Ё аппарат, ё ҳеч нима! — шартта гапни кесдим.

Кейин биттадан аппарат ва уни қандай ишлатиш лозимлиги ёзилган қўлланмадан олиб кетишди...

Мен эса ҳар ҳафта бозорга йилтиллаб семирган иккита буқа ва уч-тўртта қўчқор олиб чиқишни йўлга қўйдим. Жуда мароқли юмуш экан, қўлга жарақ-жарақ пул тушади, денг. Хотиним эса секин-аста томорқадан чиққан ҳосилни бозорга олиб чиқа бошлади.

Шу ўтган уч ой ичида қўшнимизнинг мен мол семиртирадиган оғилхона ортига буқачаларини боғлаётганини кўриб қолдим. «Менинг буқачаларим ҳам семирсин», деб ўйлаган-да! Қойил! Бу кўпроқ кулгимни қистади. Оғилимизнинг орқа томони қўшниники, шу боис унга бирон нима деб бўлмайди. Ер уники бўлгандан кейин истаган ерга боғлайверади-да, молини! Аммо бу «оқилона тадбири» умуман иш бермаслигини ўзиям билмайди!..

Тўра амакимнинг қилиғидан ичакларим узилиб кетай деди. Нима қилибди, денг? «Картошка-сабзини катта қиладиган нарса менгаям ёрдам берса керак!» деб аппаратни уч-тўрт марта ўзига қаратиб ишлатиб кўрибди. Улбуви чечадан гавдалироқ бўламан, деган-да! Уларга зинҳор бундай қилмасликни қайта-қайта тайинлагандим-а! Натижада уч-тўрт кун лоҳас бўлиб, ланжланиб, овқат ҳам ея олмай қолибди. Ҳалиям бу осон қутулгани! Агар ўзида кўпроқ синаб кўрганида оёқ-қўли ишламай қолиши ҳам ҳеч гап эмасди. Ёки бирорта мутация жараёни бошланиб кетармиди организмида? Шундаям мени айбдор қилганига ўлайми? Бунча тажриба қилиб кўришни яхши кўришмаса булар?!

Яхшиям, ўша аппаратларни ясаб берганим. Туғишганларим ўз томорқалари-ю, бозордан бери келмай қолишди. Ўзлари билан ўзлари овора. Ишдан боши чиқмагани маъқул, бекорчиликдан одамнинг калласига ҳар хил ғаламисликлар келаверади-да, бўлмасам. Ким билсин, шундай қилмасам, уйга уни-буни баҳона қилиб келавериб, безор қилиб юборишармиди...

Бир куни кечқурун опам билан поччам уйга келишди. Қизини унаштиришганди, шунга нимадир сўрашга келгани аниқ. Адашмабман, каминанинг зиммасига битта саккиз юз кило тош босадиган буқа семиртириб бериш «солиғи» тушганмиш. Ўҳў, иштаҳалари зўр-ку?! «Солиқ»миш! Бу гап қаёқдан чиқди, ҳайронман! Бир оғиз ҳам сўрамай, менга ўзларича «солиқ» солгани жаҳлимни чиқарди... Кейин бирдан эсимга тушиб қолди: ўтган ҳафта катта ўғлим бозорда ул-бул харид қилиб пули тугаб қолибди. Йўлкирага опамдан қарзга озроқ пул сўрабди. Опам: «Войй, тушумни «касса» қилиб, поччангдан берворувдим-а, энди нима қилсам экан-а?! Сал эртароқ келсанг бўлмасмиди?» дебди. Бергиси келмагани аниқ. Аксига олиб, камина билан ойиси ҳам бозордан эртароқ қайтгандик. Ўғлим, менга тортган — бировга умуман ялинмайди. Шартта бурилибди-ю, жўнаворибди. Шунчалик хафа бўлибдики... Кейин менга қўнғироқ қилди. Портация аппарати ёрдамида уйга бир зумда олиб келдим.

Менгаям роса алам қилди. «Шу қилганига энди оила аъзоларимнинг ҳар бирига биттадан портация аппарати ясаб берганим бўлсин, ҳе қурумсоқ, қаттиқ бўлмай кетишсин бу туғишганлар!» деб ўйладим.

Мана, ўша қизғанчиқлардан иккови безларча «буқа семиртириб берсанг...» деб уйимга келиб ўтирибди. Аммо мен унақа эмасман, ўзимни босишим керак. Уларнинг қилган хатосини мен ҳам такрорлашни истамайман.

— Бўпти, бош устига! — дедим мен.

Хотиним билан катта ўғлим бир сапчиб тушишди, қовоқлари уюлди.

— Саккиз юз килолик ҳўкизми, бўпти, гап йўқ-да! Биласиз, биз ҳам катта ўғлимизни келаси баҳорда уйли қиламиз, деб ният қилиб турибмиз. Сизлар ҳам саккиз юз килолик ҳўкиз қайтарсангиз бўлди, камина бугуноқ ишга киришганим бўлсин.

Тўмтайиб қолишди.

— Ий? Тенглашжон, бизда мол семиртирадиган аппарат йўқ-ку?! Ўзимиз истасак ҳам баҳоргача унақа мол семиртириб беролмаймиз! — деди поччам. Опам унга шундай ўқрайдики... сезмай бўларканми?

— Унда саккиз юз кило тош босадиган ҳўкиз сотиб олиб берасизлар! Тушунишимча, «солиқ»қа «солиқ» билан жавоб қайтарилади. Почча, қарашингиздан тушундим, жавобингизни. Демак, «Йўқ!» деб қабул қилаверайми? — тилидан илинтирдим. Катта ўғлимнинг кўзлари чақнади, ойисига ўхшаб ишшайди. Хотиним тушунмади-ёв, бўш чойнакни кўтариб ошхона томон кетди. Унга сал кечроқ етиб боришини биласиз.

— Сен ўзингга семиртириб олаверасан, ана, аппаратинг бор-ку?! Ясаб бермаганингдан кейин бизда унақа нарсалар қаердан бўлсин?! Ўша матоҳинг шунчалик тилладанми? Биздан ҳам қадрлими? — деди аччиқланиб опам. — Эрта-индин сенинг ҳам тўй қилишинг бор, биз ҳам қараб турмаймиз, қўлдан келганча қарашамиз. Ё поччанг билан туриб, кетаверайликми?

Э-э, аччиқланса, ўзига! Артистлик қиляпти. Кошки опамни билмасам... Бироқ бу номери менга ўтмайди. Туғишанларимнинг мастонликлари-ю, айёрликларига менда аллақачон «иммунитет» пайдо бўлган. Бўлмаса, наҳангдай еб-ютиб юборишлари аниқ!

— Опа, ҳайдамайману аммо ихтиёрингиз. Сизларни ўйлаётганимни нега тушунмайсиз, ахир?! Мундоқ ўйлаб кўринг-да, ўзингиз ҳам. Саккиз юз килолик ҳўкиз бозорда ўн тўрт-ўн беш миллион туради. Эртага мен тўй қилсам, ўн беш миллион қайтара оласизми? Гап ана шунда. Шахсан мен бунга ишонмайман. Бозорчисиз, пул ҳисоб-китобни яхши кўришини мендан ҳам яхши биласиз, шундайми? Кейин озгина йўлкирага пулни қизғанган одамга ишониб бўларканми? — чақиб олдим.

Тилим заҳарлигини ўзим ҳам биламан. Айниқса, туғишганларим буни менга бот-бот эслатиб туришади. Дарров гапирган одамнинг юзига чанг солармишман. Гапларим қалампирдан ҳам аччиқ эмиш! Нима қилай, борим шу, бу одат жон билан чиқса керак! Икковиям қизариб кетди...

О-о! Туғишганлар!..

Аммо икковининг ҳам фавқулодда «иродали»ли экани мени лол қолдираётганди. Мақсадга эришиш йўлида ҳеч нимадан тап тортишмайди-я! Исталган зарбани кўтаришга тайёр-а?! Қойил! Мана, мақсадга интилиш ва унга эришишни кимдан ўрганиш керак? Бунақа устозларни йиллаб қидириб тополмайсиз. Аслида улар ёнгинамизда, шундоққина биқинимизда юришаркан! Хуллас, узоқ олиб борилган «дўстона музокара»лардан сўнг камина: «Бўпти, 120 килолик қўчқор қўшаман!» деб аранг қутулдим. Қарасам, иши битмагунча кетадиган эмас икковиям. Бу ёқда эса бедани ўриб олиш, сабзи экиш керак...

Шунгаям кўнгиллари тўлмай кетишди.

Ҳе, кўнгилларигаям ўт тушсин! Биламан, эртага мен тўй қилсам, 120 килограммлик қўчқорниям қайтара олмасликларини. Ўзим аслида «Мен фалончига бир яхшилик қилувдим, шуни қачон қайтараркин-а?!» деб кутиб юрадиганлар хилидан эмасман. Аммо улар ҳам ғирт текинга, белини оғритмай, истаган нарсасига эга бўлиш нотўғри эканини тушуниши керак-ку?! Кимдир буни уларга айтиб турмаса, қаердан ҳам англашарди.

Меҳмонлар кетишди. Ўғлим билан хотиним хурсанд бўлишни ҳам, хафа бўлишни ҳам билмай, иккиланиб қолишган. Хурсанд бўлайлик дейишса, 120 килолик қўчқорга тушиб турибман, хафа бўлайлик дейишса, йўлкира бермагани учун боплаб уларнинг таъзирини берганман.

— Э, тўмтайма-е, икковинг ҳам! Баъзан тинч қўйишлари учун ҳам нимадир бериш керак бўларкан. Битта қўчқор менга чўт эмас, албатта. Нари борса, ўн кунлик иш. Буни ўйламанглар ҳам! Бўпти, бир режа ўйлаганман, қани яқинроқ ўтиринглар! — бу гапимдан икковиям жонланди. — Ойиси, энди турли шаҳарлардаги катта бозорларга қатнайсан. Икки ўғлинг ва мен сенга сабзавот ва полиз экинларини етказиб бериб турамиз, бўладими? Бедани ўриб, боғлаб, бир чеккага босиб қўяверамиз, қишда емишнинг ортиқчасини сотамиз, ана сизларга йўқ жойдан даромад.

— Турли шаҳарлардаги катта бозорларга? Майлику-я, лекин қандай қилиб...— сўради хотин тушуна олмай.

— Ойи, дадам сизга портация аппарати ясаб бермоқчига ўхшайди, тушунмаяпсизми? — гапини бўлди катта ўғлим.

— Ҳа-а!.. Яхши бўларди.

— Нафақат сенга балки икки ўғлингга ҳам ясаб бераман, биттадан. Ўғлим, сен уканг билан эртаданоқ картошка кавлашни бошлайсизлар. Ойинг, катта шаҳарларнинг бозорларида сотаверади. Кунлик тушган даромад тўртга бўлинади.

— Тўртга? — баравар сўрашди. Бу орада кичик ўғлим ҳам келиб ўтирди.

— Ҳа, тўртга. Уч қисмини уччовинг теппа-тенг бўлиб оласизлар. Бир қисми эса уруғликка, қалай, бўладими? Менга шарт эмас. Фақат меҳнатдан қочмасанглар бўлди. Агар мен айтган тартибда ишласанглар, бир йилда уччовинг ҳам биттадан машинали бўлиб турибсизлар-да!

О, уларнинг кўзларидаги бахтиёрликни кўрсангиз эди. Ана шу бахтиёрликни кўриш учун ҳамма нарсангни бериб юборсанг арзийди!.. Тўғри, маликаи дилозоримизга мошина-пошина керакмас, ҳайдолмайдиям. Шунчаки олдинги ўриндиқда ғўдайиб ўтириб кетишни яхши кўради. Буни ўзимча тасаввур қилиб кулиб юбордим...

Нурпўлат НУРҚУЛОВ

(давоми бор)

 

Ҳикоянинг бошини бу ерда ўқишингиз мумкин.
Ҳикоянинг иккинчи қисми бу ерда.

Ҳикоянинг учинчи қисми бу ерда

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech