26 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,4 °C

Ҳужжатлар
3 Мая  2019 708

Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Мамлакатимизда истиқболли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан бирга, улғайиб келаётган ёш авлоднинг илм эгаллашга бўлган иштиёқи ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, шунингдек, халқаро майдонда мамлакатимизнинг нуфузини янада юксалтириш учун иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини такомиллаштириш зарурати мавжуд.

Ёшларни амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантириш, илм-фанни ўзлаштиришга бўлган рағбатини ошириш, изланувчанлик ва яратувчанлик фаолиятига кенг жалб қилиш, жаҳон миқёсида Ватанимиз довруғини кенг таратган аждодларга муносиб авлодни тарбиялаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимининг белгиланган штатлар сони доирасида ушбу вазирлик тузилмасида 14 та штат бирлигидан иборат Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

иқтидорли ўқувчи ёшларни аниқлаш, улар фаолиятини илмий ва услубий жиҳатдан таъминлаб бориш, соҳада илғор тажрибаларни оммалаштириш ва улар асосида таълим муассасалари учун тавсия ва қўлланмалар ишлаб чиқиш;

умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида маҳаллий ва халқаро, шу жумладан, нодавлат фан олимпиадаларини ташкил этиш, уларнинг халқаро олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш;

юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда олимпиадалар учун доимий янги назорат материалларини ишлаб чиқиш;

халқаро олимпиадалар иштирокчиларини юқори малакали мутахассислар, шу жумладан, олимлар, профессор-ўқитувчилар, хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда тайёрлаш, инглиз тили ва рус тили фанларидан мулоқот қилиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида махсус курслар ташкил этиш;

олимпиадаларда юқори натижаларни қайд этган иқтидорли ўқувчиларнинг келгусидаги фаолиятини мониторинг қилиб бориш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш.

3. Қуйидагилар:

Ғолиблари давлат олий таълим муассасаларига тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадиган халқаро олимпиадалар рўйхати (кейинги ўринларда – халқаро олимпиадалар) 1-иловага мувофиқ;

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ўтказиладиган қўшимча республика олимпиадалари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда давлат таълим стандартлари ўқув дастурлари ва режаларида белгиланган фанлар ҳамда уларга ажратилган ўқув соатларидан келиб чиққан ҳолда асосий олимпиадалар ўтказиладиган фанлар рўйхатини тасдиқласин.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1-3 ўринларни эгаллаган иштирокчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларигакириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Фанлар академияси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда олий таълим муассасасига қабул қилинган олимпиада ғолибларига “устоз-шогирд” тизими асосида тегишли соҳада юқори натижаларга эришган малакали мутахассислар бириктирилади.

5. Белгилансинки:

а) халқаро олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин (олтин медаль) учун – 500, ўқитувчисига –450 баравари;

2-ўрин (кумуш медаль) учун – 300, ўқитувчисига –250 баравари;

3-ўрин (бронза медаль) учун – 200, ўқитувчисига –150 баравари;

б) асосий олимпиадалар республика босқичи ғолибларининг ўқитувчилари энг кам ойлик иш ҳақининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин учун – 50 баравари;

2-ўрин учун – 35 баравари;

3-ўрин учун – 30 баравари;

в) халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорларига навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан олтин, кумуш ва бронза медаллари бўйича тегишинча қўшимча 200175 ва 150 фоизлик устама тўланади;

г) таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган:

халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз;

асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади;

д) олий таълим муассасасини тамомлаган олимпиада ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан шакллантириладиган истиқболли мутахассислар захирасига киритилади.

6. Департамент Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларининг 4-11 синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учунҳар чоракда онлайн тарзда олимпиадалар ташкил қилиш орқали иқтидорли ўқувчилар захирасини шакллантирсин ҳамда захирага киритилган ёшлар учун Халқ таълими вазирлиги веб-сайти орқали ҳар ойда чуқурлаштирилган назорат материаллари, шу жумладан, тест, ёзма ишлар учун масалалар етказиб борилишини таъминласин.

7. Белгилаб қўйилсинки:

а) асосий олимпиадаларни ташкил қилиш ҳамда халқаро олимпиадалар учун иштирокчиларни саралаш ва тайёрлаш харажатлари:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ҳамда техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;

б) ўқувчи ёшларнинг халқаро олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш билан боғлиқ, шу жумладан, суткалик, яшаш ва транспорт харажатлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

в) асосий ва халқаро олимпиада ғолиблари ҳамда уларнинг ўқитувчиларига тўланадиган бир марталик пул мукофотлари ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига тўланадиган устама ҳақлари билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2019 йил 1 августга қадар барча босқичдаги олимпиадалар бўйича маълумотлар, шу жумладан, олимпиадалар учун танланган назорат материаллари, иқтидорли ўқувчилар захираси, олимпиада иштирокчилари, ғолиблари, уларга бириктирилган ўқитувчилар ҳисобини юритувчи ахборот тизимини ишга туширсин;

бир ой муддатда Департамент зиммасига юкланган вазифаларни самарали ва юқори профессионал даражада бажаришга қодир малакали, чуқур билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга ходимлар билан тўлдириш, моддий-техника базасини шакллантириш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда таркибида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда ўқувчи-ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён этишига қўшимча шароитлар яратиш мақсадида олий таълим муассасалари томонидан ҳар йили ўтказиладиган олий таълим муассасалари олимпиадаларининг режа-жадвалини тасдиқласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

иқтидорли ўқувчилар захирасига киритилган ўқувчи- ёшлар олимпиадаларнинг тўғридан-тўғри вилоят босқичида қатнашиши, олимпиадаларнинг вилоят ва республика босқичи нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги веб-сайти орқали онлайн тарзда тўғридан-тўғри намойиш этилиши;

олимпиадалар очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилиши, натижалари улар ўтказилган куннинг ўзида эълон қилиниши;

олий таълим муассасаларига қабул қилинган олимпиада ғолибларига “устоз-шогирд” тизими асосида тегишли соҳада юқори натижаларга эришган малакали мутахассисларнинг бириктирилиши;

асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларига давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини тақдим этувчи сертификат берилиши;

барча босқичдаги олимпиада натижалари, шу жумладан, иштирокчилар тўғрисида маълумот, уларнинг ёзма ишлари тўлиқ ахборот тизимига киритилиши ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги веб-сайтида эълон қилиниши.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3931-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартиш киритилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мақсад ва вазифаларини кенг кўламда ёритишни ташкил этсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдуваҳитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2019 йил 3 май

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech