23 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19 °C

Ҳужжатлар
15 Мая  2019 1064

Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Халқимизнинг миллий ўзлигини, қадимий тарихи ва тилини, унинг ҳаёт тарзи, анъана ва урф-одатларини ўзида мужассам этадиган, умумбашарий маданиятнинг ажралмас қисми сифатида тан олинган бахшичилик санъати атоқли бахши-шоирларимиз, фольклоршунос олимларимизнинг фидойи меҳнати, ижодий тафаккури билан асрлардан асрларга ўтиб келмоқда.

Халқимизнинг юксак бадиий даҳоси билан яратилган ушбу ноёб санъатни асраб-авайлаш ва ривожлантириш бўйича мамлакатимизда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада юртимизда “Алпомиш” достонининг минг йиллиги кенг нишонлангани, Термиз шаҳрида бу улуғ бадиий обида шарафига, Самарқанд шаҳрида атоқли бахшиларимиз хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуалари бунёд этилгани, давлатимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони таъсис қилинганини қайд этиш лозим.

Бугунги кунда Термиз шаҳрида бахшичилик мактаби, республикамиздаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида фольклор синфлари фаолият кўрсатмоқда. Юртимизда кўп томлик “Қорақалпоқ фольклори” тўпламлари чоп этилди, 100 томлик “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” мажмуаси нашр этилмоқда. Бахши-шоирлар томонидан ижро этилаётган асарларни ёзиб олиш, уларни илмий ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Яқинда Термиз шаҳрида илк бор ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали халқаро миқёсдаги йирик маданий ҳодиса сифатида кенг эътироф этилгани алоҳида эътиборга лойиқ.

Айни вақтда ҳозирги глобаллашув даврида, тижорат воситасига айланган “оммавий маданият”, шоу-бизнеснинг салбий таъсири тобора кучайиб бораётган бир шароитда фольклор санъатига эътибор ва қизиқиш сусайиб бораётгани, кўп жойларда унутилиб, ҳимоя ва муҳофазага муҳтож бўлиб тургани кузатилмоқда.

Халқимиз маданиятининг ҳаётбахш сарчашмаси бўлган бахшичилик санъатини янада ривожлантириш, унинг миллий маданиятимиз ва санъатимиздаги ўрни ва аҳамиятини юксалтириш, ёш авлодни миллий ўзликни англаш, Ватанга садоқат, тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Термиз шаҳрида давлат муассасаси шаклида Республика Бахшичилик санъати марказини (кейинги ўринларда – Марказ) ҳамда унинг ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

бахшичилик санъатининг илмий-назарий ва амалий асосларини чуқур ўрганиш ва мустаҳкамлаш;

соҳада шаклланган ижодий мактабларнинг ўзига хос ижро услублари, “устоз-шогирд” анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш;

бахши-шоирлар, фольклоршунос олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларнинг ижодий ва илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

маданият марказлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ва бошқа таълим муассасалари қошида бахшичилик санъати тўгаракларини ташкил этиш;

бахши-шоирлар ижодига кенг йўл очиб бериш, оммавий байрамлар ва маданий тадбирларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш;

бахшичилик санъатининг сара намуналарини тўплаш ва фондини яратиш, уларнинг аудио ва видео вариантларини кўпайтириш, бу соҳани юртимизда ва дунёда кенг тарғиб этиш учун ахборот-коммуникация технологияларидан, телевидение ва Интернет имкониятларидан самарали фойдаланиш;

бахшичилик санъати йўналишида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, бу борада ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, жумладан, турли халқаро анжуманлар ва танловлар, концертлар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш.

3. Жамғарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

молиявий ва ташкилий йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш асосида бахшичилик санъатини янада ривожлантиришга кўмаклашиш;

мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган бахши-шоир, оқин ва жировларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларни бахшичилик санъатига оид зарур адабиётлар, ўқув қўлланмалар ва даврий нашрлар билан таъминлаш;

маданият ва санъат муассасалари қошидаги бахшичилик тўгаракларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни зарур чолғулар ва жиҳозлар билан таъминлаш;

бахшичилик санъати билан боғлиқ илмий-тадқиқотлар, нашр ишлари ҳамда комплекс илмий экспедицияларни молиялаштириш;

бахшичилик санъатига доир ҳомийликни ривожлантириш, соҳага хорижий сармоя ва грантларни жалб этиш;

қонунчиликда белгиланган манбалардан тушадиган маблағларни жамғариш, улардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш.

4. Қуйидагилар:

Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси 1-иловага;

Республика Бахшичилик санъати марказининг таркибий тузилмаси 2-иловага;

Республика Бахшичилик санъати маркази ҳузуридаги Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси Кенгашининг таркиби 3-иловага;

Республика Бахшичилик санъати маркази ҳузуридаги Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ижрочи дирекцияси тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирига, зарурат бўлганда, Марказ ва Жамғарма тузилмаларига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

икки ой муддатда Марказ ва Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари назарда тутилсин;

Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда Термиз шаҳридаги бахшичилик мактаби негизида бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган Республика мактаб-интернатини ташкил этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бахшичилик санъати ривожи учун зарур бўлган мусиқа чолғулари (дўмбира, сибизға, чанқовуз, қўшнай, ғажирнай, бўламон, қўбиз кабилар) ишлаб чиқарадиган усталар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, устахоналар учун жой ажратиш, махсус ёғоч ва металл маҳсулотлари билан таъминлаш чораларини белгиласин;

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан биргаликда бахши-шоир, жиров ва оқинлар томонидан ижро этиладиган асарлар куйларини ноталаштириш ишларини босқичма-босқич амалга оширсин;

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси билан биргаликда ўзбек халқининг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган бахшичилик санъатини ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида бахшичилик санъати давлат ансамблларини, ушбу санъат тури ривожланган бошқа ҳудудларда эса вилоят ансамблларини ташкил этсин;

тегишли ҳудудларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари қошида бахшичилик санъати синфларини ташкил этсин;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

6. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Марказ ва Жамғарма учун бино ажратиш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда автотранспорт воситаси билан таъминлаш чораларини кўрсин.

7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига устоз бахшилар ва достончилар, ёш ижрочилар, бахшичилик санъати дурдонаси ҳисобланган машҳур достонлар ҳақида кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар тайёрлаш ва эълон қилиб бориш ҳамда мазкур қарорда белгиланган тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш.Маҳмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,
2019 йил 14 май

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech