19 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13 °C

Ҳужжатлар
11 Апр  2019 634

2019-2021 йилларда Республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Кейинги йилларда республикада аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббий техника (кейинги ўринларда – фармацевтика маҳсулотлари) билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди, маҳаллий фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Шу билан бирга, ишлаб чиқариш қувватлари етарли даражада эмаслиги ҳамда маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг тор ассортименти ички бозор эҳтиёжларини қондирмаяпти ва импортга ҳаддан ташқари боғланиб қолишга сабаб бўлмоқда.

Маҳаллий корхоналарда халқаро стандартларни татбиқ этиш бўйича ишларнинг суст ташкиллаштирилиши ташқи бозорларда рақобатбардош фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятларини ва тармоқнинг экспорт салоҳиятини чекламоқда.

Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш, хорижий инвестицияларни ҳамда етакчи хорижий компанияларни инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш, инновацион фармацевтика маҳсулотларини яратишни рағбатлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг “O`zmedimpeks” Давлат унитар корхонасини ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига (кейинги ўринларда – Агентлик) Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва уларнинг улгуржи савдоси устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бўйича функцияларини бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фармацевтика фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун аввал берилган лицензиялар амал қилиш муддати тугагунга қадар амалда бўлади.

2. Агентликнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

фармацевтика тармоғини, жумладан, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш йўли билан барқарор ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

фармацевтика бозори конъюнктурасини ўрганишни ташкиллаштириш, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг фармацевтика маҳсулотлари билан таъминланганлик ҳолатини тизимли таҳлил қилиш ва унинг асосида ички бозорни янада тўлдириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

тармоқ корхоналарига етакчи хорижий фармацевтика корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйишда, фармацевтика маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош, юқори сифатли янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда кўмаклашиш;

фармацевтика тармоғини, шу жумладан, фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, шунингдек, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш (дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш бундан мустасно) йўли билан давлат томонидан бошқариш;

фармацевтика тармоғига илғор хорижий амалиёт ва халқаро стандартларни татбиқ этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

импорт қилинаётган ва республика ҳудудида ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотлари тўғрисида тўлиқ ахборот йиғишни таъминловчи Фармацевтика маҳсулотлари ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ахборот тизимини жорий қилишда иштирок этиш.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

импорт қилишда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 211-моддаси 6-бандида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёз жорий этилмайдиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхати Агентлик томонидан шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади. Бунда мазкур рўйхатга киритилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари номлари тайёр маҳсулотга ҳам, “in bulk” маҳсулот шаклида импорт қилинадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларига ҳам жорий этилади;

дори воситалари ва тиббиёт буюмларини саноатда ишлаб чиқариш ва дорихонада тайёрлаш учун мўлжалланган, импорт қилишда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган хом ашёлар рўйхати Агентлик томонидан белгиланган тартибда шакллантирилади ва тасдиқланади, шунингдек, бир йилда камида икки марта янгилаб борилиши ва Агентлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилиши шарт;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси дори воситалари ва тиббиёт буюмлари миллий ишлаб чиқарувчиларига тижорат банклари кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, аммо 10 миллиард сўмдан ошмайдиган миқдордаги маблағга кафиллик беради;

“in bulk” маҳсулоти асосида ишлаб чиқариладиган дори препаратлари ва (ёки) тиббиёт буюмларини давлат рўйхатидан ўтказиш муддатини узайтириш, шунингдек, уларни қайта давлат рўйхатидан ўтказиш мазкур аналогик миллий маҳсулотни ички бозор эҳтиёжини таъминлайдиган ҳажмда ишлаб чиқарувчи бўлмаган тақдирда амалга оширилади;

2019 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар, синов тариқасида, дори препаратлари ва тиббиёт буюмларини давлат томонидан харид қилишни амалга оширишда икки ва ундан ортиқ иштирокчилар – аналогик маҳсулотни (халқаро патентланмаган номи бўйича) миллий ишлаб чиқарувчилари мавжуд бўлган тақдирда давлат буюртмачиси импорт дори препаратлари ва тиббиёт буюмларини етказиб бериш таклифи мавжуд барча буюртмаларни рад этади;

2019 йил 1 июлдан бошлаб импорт дори воситалари (дори субстанциялари бундан мустасно) ва тиббиёт буюмларини “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштиришда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдорида божхона расмийлаштируви учун йиғим ундирилади.

4. Белгилансинки, 2022 йилнинг 1 январига қадар:

фармацевтика маҳсулотларининг клиник-олди тадқиқотларини амалга оширувчи барча лабораториялар Зарур лаборатория амалиёти (GLP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши лозим;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг клиник тадқиқотлар ўтказувчи барча клиник базалари Зарур клиника амалиёти (GCP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши лозим;

фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи барча маҳаллий корхоналар Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши лозим;

фармацевтика маҳсулотларини улгуржи сотиш билан шуғулланувчи барча маҳаллий корхоналар Зарур дистрибюторлик амалиёти (GDP) миллий талабларига мувофиқ мажбурий сертификатлаштирилиши зарур.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июнга қадар фармацевтика тармоғи ва республика соғлиқни сақлаш тизимига зарур амалиётлар (GxP) талабларини жорий этиш тармоқ жадвалини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. 2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси"(кейинги ўринларда – "Йўл харитаси") 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Масъул вазирлик ва идораларнинг раҳбарларига “Йўл харитаси”да кўзда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга ошириш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

6. Қуйидагилар “Йўл харитаси”да кўзда тутилган объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, илмий-тадқиқот ва синов лабораторияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашнинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

2019 йилда – Агентликка Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ижро этувчи дирекцияси томонидан тақдим этилган буюртманомалар асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ажратиладиган Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 2019 йил 1 январь ҳолатига мавжуд валюта маблағлари қолдиғи;

2020-2023 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини тегишли йил учун амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, лаборатория ва ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини харид қилиш учун эса Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ўзлаштирилмаган маблағлари, улар етишмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари.

7. Агентлик қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда,Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин ва қуйидагилар уни шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

импорт дори воситалари (дори субстанциялари бундан мустасно) ва тиббиёт буюмларини “эркин муомалага чиқариш (импорт)” божхона режимига расмийлаштиришда божхона расмийлаштируви учун йиғимнинг 1,0 фоизи;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган эквиваленти 25 миллион АҚШ долларидаги миллий валютадаги маблағлар;

халқаро молиявий институтлар ҳамда бошқа хорижий донорлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Белгилансинки, Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга ишлатилади:

фармацевтика маҳсулотларининг янги турларини яратиш бўйича илмий ишланмаларни ташкиллаштириш учун Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга грантлар тақдим этиш;

Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика маҳсулотларининг сифат назоратини амалга оширувчи давлат лабораторияларини зарур асбоб-ускуна ва техника билан жиҳозлаш;

республикада ишлаб чиқарилмайдиган фармацевтика маҳсулотлари янги турларининг клиник-олди ва клиник тадқиқотларини маҳаллий муассасаларда ўтказиш учун маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг сарф-харажатларини энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида қоплаш;

маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 50 фоизини, улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан сўнг қоплаш;

маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини илгари суриш бўйича, шу жумладан, хорижда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркалар ташкил қилиш, семинарлар ўтказиш, тақдимот материаллари, кўргазма стендларини тайёрлаш, Агентлик ва унга идоравий мансуб ташкилотлар мутахассисларининг мазкур тадбирларда иштирок этиши;

Агентликнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, унинг ишчилари ва жалб этиладиган мутахассисларни моддий рағбатлантириш, шунингдек, Агентлик ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан мамлакатимизда аввал ишлаб чиқарилмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган эквиваленти 1 миллион АҚШ долларидан ошмаган кредитларнинг фоизлар бўйича харажатларини икки йил мобайнида қоплаш;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган Агентлик фаолияти билан боғлиқ бошқа чора-тадбирлар.

Белгилансинки, Жамғарманинг харажатлар сметаси Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

9. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги “Озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2718-сон қарорига мувофиқ очилган кредит линияси маблағлари ҳисобидан тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ва Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасига 25 миллион АҚШ долларидан ажратсин.

10. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, ихтисослашган илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ҳамда фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи корхоналар томонидан аптека ичида дори тайёрлаш мақсадида олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган технологик ва лаборатория ускуналари, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, фармацевтика ишлаб чиқариш бинолари учун “тоза хоналар”, сэндвич-панеллар ва вентиляция тизимлари, шунингдек, лаборатория ҳайвонларини боқиш, клиник-олди тадқиқотлар ва дори воситалари ишлаб чиқариш (шу жумладан, аптека ичида тайёрлаш) учун ишлатиладиган хом ашё ва материаллар, тиббиёт буюмлари ва қадоқлаш материаллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича 2022 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.

11. 2019-2021 йилларда республика ҳудудида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш тавсия этилган дори воситалари гуруҳлари рўйхати (кейинги ўринларда – Рўйхат) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
ҳамда Агентлик 2019 йил 1 августга қадар:

 

Рўйхатга киритилган импорт қилинадиган дори воситалари гуруҳларини маҳаллийлаштириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг рўйхатини уларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари, молиялаштириш манбалари ва ташаббускорларини белгилаган ҳолда шакллантирсин;

Рўйхатга киритилган лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвестицияларни, шу жумладан, Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси иштирокида жалб қилиш ва зарур бўлганда, фармацевтика эркин иқтисодий зоналарда жойлаштириш чораларини кўрсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.М.Ғаниев ва А.А.Абдуҳакимов манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

республикада талаб юқори бўлган фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун барқарор обрўга эга етакчи фармацевтика компанияларни;

фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини узоқ муддатли молиявий ресурслар билан таъминлаш мақсадида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг узоқ муддатли имтиёзли кредит линияларини жалб қилиш бўйича таклифлар киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 1 июнга қадар:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомлар, шунингдек, Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ташкилий-штат тузилмаси ушбу Фармон билан белгиланган вазифаларни инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

фармацевтика тармоғини ривожлантиришнинг аниқ кўрсаткичлари ва мақсадли индикаторларига эришишга асосланган бутунлай янгича баҳолаш тизимини жорий этишни кўзда тутган ҳолда Агентлик фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари тасдиқлансин.

14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги асосланган ҳисоб-китобларга кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида 2019 йилда мазкур Фармонни амалга ошириш доирасида Агентлик харажатлари учун маблағлар ажратсин ҳамда 2020 йилдан бошлаб ҳар йили зарур бюджет маблағларини кўзда тутсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Агентликнинг маъмурий биносини таъмирлаш даврида Агентликни давлат тасарруфидаги бўш турган объектларга вақтинчалик жойлаштиришга кўмаклашсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Агентлик билан биргаликда уч ой муддатда республикада фармацевтика тармоғи мутахассисларини тайёрлаш бўйича етакчи хорижий олий ўқув юрти филиалини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

Агентлик ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Агентликнинг расмий сайтларида 2017-2018йилларда ва кейинги йилларда фармацевтика маҳсулотларининг давлат харидлари тўғрисидаги маълумотни органлар, ташкилотлар, маҳсулотларнинг номланиши ва натурада ифодаланган ҳажмлари кесимида жойлаштирилишини таъминласин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг барча клиник базаларида клиник тадқиқотлар ўтказиш жараёнларини ташкил этишнинг шаффоф механизмини, шунингдек, кўрсатиладиган хизматлар нархини белгилаш ва клиник тадқиқотлар ўтказишнинг ҳар бир босқичида томонларнинг жавобгарлик доирасини назарда тутувчи тартибни тасдиқласин.

 

17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига
3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

 

18. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Агентлик ва бошқа идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифларни киритсин.

19. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.А.Абдуҳакимов, Э.М.Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Г.К.Саидова зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 10 апрель

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech