22 Август 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,8 °C

Ҳужжатлар
2 Авг  2019 583

Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш,аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш, экспортга мўлжалланган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий ишлаб чиқарилган техникалар билан таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида кооперация тизими йўлга қўйилмаганлиги, ишлаб чиқарилаётган техникаларда импорт қисмлари улушининг юқорилиги, аграр секторни техника билан таъминлашнинг барқарор тизими мавжуд эмаслиги, техникаларга сервис хизмати кўрсатишнинг тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги ҳамда илм-фан билан ишлаб чиқаришнинг уйғунлашмаганлиги ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда.

Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш жараёнини тўлиқ йўлга қўйиш, аграр секторни ҳудудларнинг табиий иқлим ва тупроқ шароитларига мос келадиган замонавий ва арзон қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш, шунингдек, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини 2021 йилда 60 фоизга етказиш бўйича ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги уч ой муддатда инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш ва ушбу лойиҳаларни 2021 йил якунига қадар ишга тушириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.

Ушбу қарорнинг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланаётган инвестиция лойиҳалари техник иқтисодий асосларини ишлаб чиқишга, истисно тариқасида, тендер ўтказмаган ҳолда саралаш танлови асосида лойиҳа институтлари ва инжиниринг компанияларини жалб қилишга рухсат берилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, “Асака” АТБнинг“Металл буюмларни қуйиш замонавий цехини ишга тушириш” лойиҳасини амалга оширишга хорижий тижорат банклари кредит линияларини жалб қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ:

икки ой муддатда мазкур лойиҳанинг техник иқтисодий асослари етакчи лойиҳа институтлари ва инжиниринг компанияларини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилишини;

лойиҳанинг 2020 йил октябрь ойига қадар фойдаланишга топширилишини;

“Асака” АТБ билан биргаликда мазкур лойиҳанинг лойиҳа ҳужжатлари комплекс экспертизадан ўтказилишини таъминласин.

3. Қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш саноати ва бошқа саноат тармоқлари ўртасида кооперацияни амалга ошириш тавсия этилаётган маҳсулотлар рўйхати2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига мазкур рўйхатга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Қуйидагилар:

2019-2020 йилларда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ;

Қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни жадаллаштириш бўйича ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳи деб юритилади) таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ишчи гуруҳи (Н.С.Отажонов):

мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг сўзсиз бажарилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилишни;

мазкур қарор ижроси тўғрисидаги маълумотларнинг ҳар 15 кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиб борилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ билан биргаликда уч ой муддатда етакчи хорижий консалтинг компаниясини жалб этган ҳолда, жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчиқишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасини 2025 йилга қадар ривожлантириш дастурини ишлаб чиқсин:

 

ишлаб чиқарилаётган мавжуд техника турларини оптималлаштириш ва янги турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларининг бюджет моделини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда республикада ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари учун янги миллий “бренд”ни яратиш;

 

боғдорчилик, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик йўналишида техника турларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва умумий ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш;

ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган экспорт улушини ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш ва тайёр маҳсулот экспортини ишлаб чиқарилган маҳсулотга нисбатан 2022 йилда 20 фоизга, 2025 йилда эса 30 фоизга етказиш;

замонавий корпоратив бошқариш усулларини, хусусан “ЕRP” автоматлаштирилган ҳисобга олиш, “GMS” ишлаб чиқаришни бошқариш ва “BIQ” сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги учун кичик механизация техникаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш;

машина-трактор паркларининг мавжуд техникалари ва бўш турган ер майдонларини оптималлаштириш ҳамда уларни асосан таъмирлаш ва сервис хизматлари кўрсатишга ихтисослаштириш.

6. Қишлоқ хўжалигини механизациялашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилсин:

2019-2021 йилларда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан маҳаллийлаштириш даражаси 20 фоиздан кам бўлмаган ҳолда республикада ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникалари харид қилинганида техника нархининг 15 фоизи миқдорида субсидия бериш;

комбайнларни хорижда хизмат кўрсатиш (хизматлар экспорти) учун ташиш транспорт харажатларининг 80 фоизини компенсация қилиш.

7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бир ой муддатда мазкур қарорнинг 6-бандида назарда тутилган давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда:

маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникалари харидларини кредитлаш ва уларни лизингга бериш тизимини такомиллаштириш мақсадида миллий валютада тижорат банкларига 50 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағларни жойлаштирсин ва самарали ўзлаштириш чораларини кўрсин;

мазкур қарорнинг 6-бандида назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш учун 2019 йил учун 60 миллиард сўм, кейинги йилларда эса талабга мувофиқ зарур маблағларни йўналтирсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги:

2019-2020 йилларда имтиёзли кредит линиялари ҳисобидан эквиваленти 60 миллион АҚШ доллари миқдоридаги миллий валютанинг тижорат банклари орасида уларнинг буюртманомалари асосида маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилишни молиялаштириш учун ажратилишини;

икки ой муддатда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига зарур техникаларни лизинг орқали етказиб бериш тизимини такомиллаштириш юзасидан паст фоизли хорижий кредит ресурсларини жалб қилган ҳолда аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқилишини таъминласин. Бунда барча лизинг корхоналари учун тенг рақобат муҳити яратилиши таъминлансин.

10. “Асака” АТБ ва “Агробанк” АТБнинг маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаларини лизинг ва кредитга олишни молиялаштириш учун 60 миллион АҚШ долларимиқдорида халқаро молия институтлари ва хорижий тижорат банкларининг имтиёзли кредит линияларини жалб этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

11. Қишлоқ хўжалигини механизациялаш, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш ва техник сервиси йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларига бириктириладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхати 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, мазкур касб-ҳунар коллежларида:

қишлоқ хўжалигини механизациялаш, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш ва техник сервиси йўналишлари бўйича ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказлари иш берувчиларнинг буюртмалари асосида Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ташкил этилади. Бунда ходим аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари йўлланмаси асосида ишга қабул қилинган бўлиши лозим;

кадрлар тайёрлаш касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида амалга оширилади;

мазкур қарор билан касб-ҳунар коллежларига бириктирилган олий таълим муассасалари “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ тизим корхоналари билан биргаликда тегишли касб-ҳунар коллежларига методик ёрдам кўрсатилишини ҳамда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида келгуси фаолиятини давом эттириш юзасидан касбга йўналтириш ишларини тизимли равишда ташкил этади;

кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан манфаатдор иш берувчилар билан биргаликда ҳар йили 1 мартга қадар қишлоқ хўжалигини механизациялаш, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш ва техник сервиси йўналишлари бўйича кадрларга бўлган эҳтиёжларни аниқлаш орқали шакллантиради.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент давлат техника университети, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ва Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтининг соҳага оид тегишликафедралари филиалларини “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ тизим корхоналарида ташкил этиш;

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ тизим корхоналарида камида 5 йил иш стажига эга бўлган фуқароларни қишлоқ хўжалигини механизациялаш, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш ва техник сервиси йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларига сиртқи ва кечки таълим шаклларига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш;

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ тизим корхоналарининг раҳбарлик лавозимларига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тавсия этиладиган хорижий олий таълим муассасасини тугатган ёки илмий даражага эга номзодлар орасидан танлов йўли билан лавозимга тайинлаш;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тавсиясига мувофиқ “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ тизими корхоналарида лавозимга тайинланган профессор-ўқитувчиларнинг олий таълим муассасасидаги иш жойи ва ўртача ойлик иш ҳақини 2 йил давомида сақлаб қолиш.

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ ўзининг таркибига кирувчи корхоналарда талабалар дарс машғулотлари ҳамда амалиёт ўтказиш учун аудиторияларнинг ташкил этилиши ва уларнинг дарсдан бўш вақтларида ишлашига шароит яратилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

бир ой муддатда “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ билан биргаликда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида кадрлар буюртмачилари таклифлари ва илғор хорижий тажриба асосида ўқув режа ва фан дастурларини қайта кўриб чиқсин ҳамда тасдиқласин;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан биргаликда икки томонлама диплом бериладиган қўшма дастурлар асосида қишлоқ хўжалигини механизациялаш, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш ва техник сервиси йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйсин.

14. 2019 йил 1 сентябрдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ қишлоқ хўжалигини механизациялаш, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш ва техник сервиси йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан:

магистр, докторант, профессор-ўқитувчи, илмий ходим ва соҳа муҳандис техник ходимлари етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига ўқиш ва малака ошириш учун юборилади;

икки томонлама диплом бериладиган қўшма дастур асосида таҳсил олаётган иқтидорли бакалавр талабаларнинг хорижий олий таълим муассасасидаги ўқиш тўлов контракти тўлаб берилади.

15. Белгилансинки, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖнинг ижро этувчи аппарати тузилмаси ва бошқарув ходимларининг умумий чекланган сонига акциядорлар умумий йиғилиши қарори билан ўзгартириш киритилиши мумкин.

16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда импорт қилинадиган ва янги ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалиги техникалари учун ўрнатилган техник талабларни республиканинг тупроқ-иқлим шароити ва халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

17. Мазкур қарорни амалга ошириш бўйича батафсил амалий тадбирлар режаси6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

18. “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ:

а) тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилган ҳолда:

2020 йил 1 мартга қадар ички ва ташқи бозорларда дилерлик тармоғини кенгайтириш;

маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатувчи зарур техникалар билан жиҳозланган ва кўчма хизмат кўрсатувчи бешта минтақавий сервис марказларини 2019 йил охиригача, қолган ҳудудларда 2021 йил 1 январга қадар ташкил этсин;

б) 2020 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларини кенг жалб этган ҳолда “AgroMashExpo” қишлоқ хўжалиги техникалари халқаро кўргазма-савдосини ҳар йили икки маротаба ўтказишамалиётини жорий этсин;

в) “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда 2020 йил 1 мартга қадар эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларнинг хавфсизлик ва сифат кўрсаткичларини таъминлайдиган намунавий тажриба дастурларини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;

г) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

                                                                                                                                                                                                  Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                 

                                                                                                                                                                                                                                            Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 31 июль

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech